НОЛИНЧИ ҚАВА
8 БОБ. ҚАНДАЙ ҚИЛИБ ЎЗИГА ЯҚИН ИНСОННИ ТОПИШ МУМКИН?
Рамзес ўт ўланлар орасидан катта ва кенг йўлга чиқди. Сал нарироқда эса кўркам бино қад ростлаб турар эди. Ушбу бинонинг шундоққина тагида ранг-баранг фаввора отилиб турар, атрофидаги одамларнинг баъзилари фавворани туриб, баъзилари эса ўтириб томоша қилардилар. Рамзес одамлардан ҳайиқмасди, улардан ўзига қандайдир хавф-хатар бўлиши мумкинлигини ҳаёлига ҳам келтиролмасди. У кўчанинг нариги бетига ўтмоқчи бўлиб ҳаракат бошладию, катта тезликда келаётган машиналарни кўриб, дарҳол изига қайтди.

"Ҳаа, машиналар тишлашни билмасаларда бир зумда босиб кетишлари мумкин. Ақлсизлар, ўзлари катта бўлса-да, ақллари йўқ", деб ўйлади Рамзес.

Рамзес йўлнинг нариги бетига ўтиши учун ярим соат тайёргарлик кўрди. Сабаби автомашиналар оқими катта эди. Оқим бироз сустлашганида югурганича нариги бетга ўтиб олди.

Рамзес одамлар оёғининг орасидан, болалар аравачалари ёнидан атрофга аланглаганича югуриб борарди. Ўз юмушлари билан кетаётган одамлар эса Рамзесга эътибор бермасдилар. Бир пайт уни кимнингдир маҳкам қўллари ушлаб олиб кўтарди. Рамзес қўрқиб кетди. Кейин эса уни кўтариб кетишлиги унга ёқа бошлади. У ҳудди машинада кетаётгандек эди, тезлик, шамол овози. Орадан бирозгина вақт ўтиб бу одам Рамзесни астагина ерга қўйди. У бошини тепага қаратди ва ўзига мулойимгина жилмайиб турган йигитни кўрди.

- Мушуквой, сайр қилиш ёқдими? – деб сўради йигит.

Рамзес унга жавоб қилгандек бошини бирозгина қимирлатиб қўйди. Шу пайт кўзи йигитнинг оёқларига тушди. "Жуда ғалати эканми?" деб ўйлади. Оёқлар ўрнида ғилдирак эди, улар юришнинг ўрнига учишар эди. Мушук атрофига қараганида бунақа оёқли одамлар кўплигини кўрди.

"Ғалати зотли одамлар эканми, - деб ўйлаади Рамзес. – Юришнинг ўрнига оёқлари айланар экан, машиналарникига ўхшаб"

- Лаваш ейсанми? – деб йигит осиб олган сумкасининг ичидан бир нимадир олди, бир бурчагини тишладида Рамзесга қараб узатди. - Бу жудаям мазали, ўзим тайёрлаганман. Ол еб кўр, афсусланмайсан!

Шундан сўнг Рамзес лаваш деб аталувчи бу егуликни астагина ҳидлаб кўрдида, бир четидан ея бошлади. Уни еган сари иштаҳаси очилиб, ҳаттоки ичидаги сабзовотларни ҳам еб тугатди. Кейин эса унга меҳрибонлик кўрсатган йигитчага ташаккур айтгандай қараб қўйди.

- Мен билан кетасанми мушуквой? – дея гап бошлади йигитча, – юр, кетдик мен билан, сен менга ёқиб қолдинг, ақлли мушукк ўхшайсан. Фақат жудаям кир бўлиб кетибсан, аввал сени яхшилаб чўмилтираман. Онам мушукларни жуда яхши кўрадилар. Яқинда мушугимиз йўқолиб қолганди.... Жуда сиқилдилар.... Хуллас уларни сен сабаб қутқариб оламиз.

Рамзесга ҳам йигитчанинг бу таклифи жуда ёқди. Шундан сўнг унинг олдига йигитчанинг дўстлари келиб бирма бир силай бошладилар. Шу пайт унинг кўзи уйқуга кетди. Лекин бироз ўтиб чўчиб уйғониб кетди. Йигитча уни ташлаб кетиб қолди деб ўйлади. Лекин йигитча дўстлари даврасида скейтда учаётганди, орасида Рамзесга қараб қўярди.

Рамзес йигитчани кўриб хотиржам керишди. Шу пайт узоқдан Профессорни кўриб қолди. Ҳа, ҳа бу ўша, хассага суяниб оқсоқланиб юрибди-ку. Рамзес Профессорнинг олдига югуриб кетди. Яқинлашиб қараганида эса, бу Профессор эмаслигини англади. Рамзес оқсоқ кишининг оёқлари орасида ўралашиб, унга эркалана бошлади. Оқсоқ кишига нотаниш мушук боласининг бу қилиқлари ёқмай, уни ҳайдай бошлади. Буни кўрган Рамзес қочиб, дарахтларнинг тагига бориб ётиб олди. Бояги кайфиятидан асар ҳам қолмади. Уни аввалги ҳаёти билан боғлиқ хотиралари яна изтиробга сола бошлаганди, ғилдирак оёқли йигитча ҳақида эса умуман унутиб юборди. Рамзес қўлларини бошини устига қўйганча чуқур хўрсинди. Шу пайт осмондан ёмғир томчилай бошлади. Ёмғирнинг ёғиши Рамзесга ёқмас эди. Шу сабабли Рамзес дарахтнинг тагига янада яқинлашиб олди.

Ёмғир шиддат билан ёғди, баҳорга хос ёғди, орадан кўп ўтмай тинди. Рамзес асфальтни ҳидладида, бояги баланд бино тарафга қаради. Ўша ерда ўртоқлари билан ўйнаб юрган йигитча энди кўринмасди. У ерда ҳеч ким йўқ эди.

Ёмғирдан хўл бўлиб кетган Рамзес турли тарафларга югураётган одамларга қараб турарди. Уни кимдир, қачонлардир ўз қарамоғига олиб кетишига қаттиқ ишонарди. Фақат сабр қилиши, ҳалоскорини кутиши керак эди холос.

Шу каби ҳаёлларни сураётган Рамзеснинг ёнидан бир Қизалоқ югуриб ўтиб қолди. Қизалоқ дейишимиз ҳам нотўғри бўлса керак, чунки у кўринишидан катта қиз эди, жудаям чиройли.

Дунёдаги аксарият мушукларнинг бахтига яхшиямки Қизлар бор. Улар борлиги учун ҳам ҳаёт давом этиб келяпти. Чунки уларнинг кўпчилик қисми ҳайвонларга ва айниқса мушукларга жудаям меҳрибон бўлишади.

Бундай қизларнинг баъзиларининг исми "Ойижонилтимосилтимос!". Шу мушукчани олиб кетайлик уйга, илтимос! Мен унга ўзим ғамхўрлик қиламан, парваришлайман, кетидан тозалайман. Шу мушукчани олиб кета қолайлик...

Ота-оналар қизининг раъйига қараб мушукчани парвариш қилишларига рози бўлсалар, қизлар тезроқ улғайишни ва мушукни олиб кетиш учун бировдан рухсат сўрамайдиган ёшга етишни орзу қилишарди. Уларнинг тарихи деярли бир хил бўларди, ҳаттоки Мушукларга қўйиладиган лақаб ҳам бир хил бўлади одатда. Бу каби қизларни биз мушукларнинг ҳалоскори деб атасак ҳам бўлади.

Ҳалоскор қиз катта бўлиб, турмушга чиққандан кейин икки кун ўтиб янги уйида Вася пайдо бўлди. Қандайқилиб дейсизми? Унда эшитинг. Қиз кўчада айланиб юрганида йўлидан кичкинагина, бурга босиб кетган, касаллигидан зўрға оёқда турган мушукча чиқиб қолди. Қизча Васяни уйига олиб келганида, уйидагилар уни кўриб хурсанд бўлишмади. Бу қанақаси?! Тўйни биринчи куниданоқ Вася пайдо бўлди. Лекин қиз ўз сўзида туриб олди. Васяни ювиб-тараб, тозалаб, тузатиб ўзининг ётоғига яшаши учун киритди.

Қизнинг турмуш ўртоғининг хонасида компьютер бор эди, унинг ёнида эса пиёлада бўёқ турарди. Бир кунмас бир кун мушуквой Вася бу бўёқ билан тўқнаш келиши аниқ эди. Шундай бўлди ҳам. Эр хизмат сафарига кетганида Вася бу бўёқ билан тўқнашди ва ўзини, деворларни, пардаларни, муҳим ҳужжатларни, энг даҳшатлиси қизнинг қайнонасини қоп қора рангга бўяди. Қиз кўзда ёш билан уйни, ундаги буюмларни бўёқдан тозалагунча, қайнона бўлган воқеа ҳақида сафардаги ўғлини хабардор этиб бўлди. Ўғил телефон орқали "Ўлдираман!" деди. Бошқа хотинларга ўрнак бўлиши учун хотинини ҳам, мушукни ҳам ҳайдашни ўйлади дастлаб. Лекин... битта лекин бор эди. У хотинини яхши кўрарди. Хотини чиройли, ақлли, қувноқ, саришта, мазали таом тайёрлайди. Шунда миясига бир фикр келди. У Васяни ҳайдайди.

Лекин сафардан қайтиб келганидан сўнг Қизнинг ва Васянинг юзидаги афсусланиш ва надоматни кўриб, тақдирга тан берди, рахми келди...

Шу тариқа мушуквой Вася катта бўлди, улғайди. Юнги шунақанги узун мушук бўлдики, уни қирқиб олиб ўн саккиз жуфт пайпоқ тўқиса бўларди. Юнгини олишда эса камида саккиз киши қатнашарди. Соч олиш жараёни тугаганидан сўнг бечора Қизнинг қўлига одамнинг рахми келарди, чунки Вася уни қўлларини тирнаб ташларди...

Кейин мушуквой Кузя пайдо бўлди. Унинг юнги йўқ, ўлимтикка ўхшаган бир мушукча эди. Хасталиги сабабидан юришга ҳам қийналарди. Ҳаётдан шу қадар тўйгандики, ўзини машинанинг тагига ташламоқчи бўлди. Лекин эплай олмади, бу вақтга келиб ҳомиладор бўлган Қиз уни кўриб қолид. Шу тариқа Кузя уч ой давомида ўлишга ҳаракат қилди. Лекин ҳеч бунинг уддасидан чиқолмади. Ветеринарлар ҳам мушукчани ўз ҳолига ташлаб қўйишни айтишарди. Лекин ўз айтганидан қайтмайдиган Қиз бунга рози бўлмади. Мушукчани қутқариб қолиш чорасини кўришда давом этди.

Орадан вақтлар ўтиб Кузя тим қора рангли жуда ёқимтой мушукка айланди. Уйга меҳонлар ташриф буюрадиган бўлса, Кузя ўзида йўқ хурсанд бўлиб кетарди. Сабаби эса жуда оддий. У меҳмонларнинг устбоши устига чиқиб олиб ухлашни ёқтирарди.

Ҳикоямиз қаҳрамонлари орасидан Бузя лақабли мушугимиз ҳам бор. Кунлардан бир кун уни кимдир деразадан улоқтириб юборган. Ҳикоямизнинг инсонлар орасидаги қаҳрамони бўлган Қиз буни кўриб қолиб, бешинчи қаватидан пастга югурганган. Мушукча тирик қолди, лекин аҳволи жуда оғир эди, қаттиқ жароҳатланганди. Унинг дум қисмидаги суяклари синган ва қаддини деярли тута олмасди. Қиз уни дарҳол ветеринар кўригига олиб борди. Керакли муолажалар натижасида Бузя кундан кунга соғайиб, оёққа тура бошлади. Бир куни Бузя Қизнинг турмуш ўртоғини олдига Чаплин каби юриб келди, йигит мушукка қараб, кутилмаганда "Энди у мени мушукчам бўлади!" деб айтди.

Бундан ташқари Қиз оиласи билан бошқа кўплаб уйсиз, қаровсиз қолган, хаста ва нимжон мушукларни парваришлаб, меҳрибон қўлларга топширишди. Инсонларни мушуклар парваришига янада қизиқтириш мақсадида "Биздан битта мушук боласини қарамоғингизга олсангиз, яна иккитасини совға қилиб берамиз", деган акцияларни тез-тез ўтказиб туришарди. Лекин ишлар ҳар доим ҳам текис ва бир маромда кетмас экан. Мушукларнинг баъзилари нобуд бўлишарди. Дунёда бунданда оғирроқ имтиҳон йўқ эди Қиз учун...

Қиз Рамзес ўтирган дарахтнинг ёнидан югуриб ўтиб кетаётганди. Бу вақтда чинорнинг шохига катта қарға қўнди ва қизнинг устига сув тўқилди. Қиз устини тозалаб қарғани урушаётган вақтида рамзеч эснаб олдида, кўзи тушган томонга кета бошлади.