НОЛИНЧИ ҚАВАТ
7 БОБ. САМУРАЙНИНГ ЙЎЛИДАН
Мастер Йо туғма самурай эди.

У кўп қаватли уйларнинг бурга босган ертўласида, кўча мушуклари оиласида бу ёруғ оламга келди. У ўсиб улғаяркан доимий равишда очлик ҳисси уни тарк этмасди, нонушта кечки овқатга кўчарди, кечки овқат эса нонуштага. Унга ўхшаганлар жудаям кўп эди. Мастер Йо ертўладан ташқарига чиқаркан ўз ўлимини қидириб, самурайдек қадам ташлади. Ўлим эса ундан икки қадам нарида катта кўча эди.

Шу мақсадда у катта кўча бўйига етай-етай деганида кимнингдир қўллари унинг бош қисмидан ушлаб, бир юз саксон градус орқага буриб қўйди уни. Мастер бир неча қадам ташлаб, ниятига ета олмаганлигини англади ва яна орқасига бурилди. Ҳалиги қўллар уни яна ушлаб, баланд кўтариб олиб кета бошлади. Мастер Йо қанча ҳаракат қилмасин бу инсоннинг кимлигини кўра олмади.

Уни тутиб олган бу қўллар ўн уч ёшли болага тегишли эди. Бу бола Мастерни уйига олиб кириши билан уни чўмилтирди. Уни бургалардан тозалади, яхшилаб ювинтирди. Қарасаки, мушуквой қора эмас, балки оппоққина экан. Юнгларига писта ёғини суртди. Уни чиройли кўринишга келтириб бўлгач, онасига хабар ёзишга тушди.

Боланинг онасига ёзган хабари айни иш қизиган пайтда келиб тушди. Онаси интервью олаётган эди ва у ўғлидан келган бу хабарни овоз чиқариб ўқиди. Унда бундай ёзилганди. "Онажон! Мен мушук боласини топиб олдим. Агарда уни боқишимга рози бўлсангиз 5 рақамини, агарда аксинча бўлса 2 рақамини менга юборинг". Онасининг суҳбатдоши буни эшитиб, "3" рақамини юборинг, деб маслаҳат берди ҳазиломуз. Орадан қирқ секунд вақт ўтиб, "Мен сизни тушундим, хоҳишимга қараб иш тутишим мумкин экан" деган смс хабар келди.

Бу жавобни ўқиб онанинг тепа сочи тикка бўлди ва ён атрофида одамлар борлигини ҳам унутиб, ўғлига телефон қилиб бақира кетди:

- Ҳеч қанақа мушук-пушукнинг бизга кераги йўқ тушундингми!? Уйимизда мушугимиз бор. Шунинг ўзи етади бизга. Қаердан олган бўлсанг, ўша ерга олиб бориб ташла...

Бу аёл жудаям жаҳлдор ва қаттиқўл эди.

- Хоп яхши, ҳозир у бироз қуриниб олсин. Мен уни катта кўча бўйига олиб чиқиб ташлайман. Уни ўша ерда машиналар уриб, босиб кета қолсин. Фақат сиз асабийлашманг...

Ҳалиги аёл ишдан уйига қайтиб келганида Мастер Йо овқат ейдиган мискасининг устида ўтирарди. У аёлга мусаффо ва беғубор кўзлари билан қараб қўйди. Буни кўрган аёл майли бугунча қола қолсин, эртага кўчага олиб чиқиб ташлаймиз, деб мушукни уйида қолдирди. Шу тариқа мушук уйда қолиб кетди ва уни ҳеч ким кўчага олиб чиқиб ташламади.

Лекин айтиб ўтишимиз керакки, бу мушукчани катта қилиш осон бўлмади.

Негаки мушукча мутлақо кар эди. Худди сувга чўккан қўл телефони каби. У ҳаттоки шовқин сурон бўлаётган жойда ҳеч нарсани эшитмаётгандек ухлаши мумкин эди. "Кис кис" ва "Брис" сўзлари мутлақо нотанишдек эди унга. Уни ҳайдаш учун, қўрқитиш учун қилинган ҳар қандай ҳаракатларни у билан ўйнаш учун қилинаётган хатти-ҳаракатлар деб тушунарди. У энг хушбўй ва иштахани очувчи таом билан ҳам ўйнашни истарди.

Ҳожатга чиқиш учун у албатта кўчага чиқар эди. Ҳеч қачон уйда ҳожатини чиқармаганди. Кечасими, қороғуми, қорми, ёмғирми фарқи йўқ эди унга, ҳожати учун албатта кўчага чиқиши шарт эди.

Дастлабки кунлар унга бироз мушкулдек туюлди, у ердаги қимирлашни, ҳавонинг ҳаракатини сезишни ўрганиб олди ва уни ғафлатда қолдириш мушкул эди. Унинг қилаётган иши японларнинг қадимий мақолини эслатарди: "Уйдан узоқлашаяпсанми, демак энди ўзингни шундай тутишинг керакки, ҳудди рўпарангдан истаган вақтида душман чиқиб қолиши мумкин". Бироз ўсиб улғайганидан сўнг ўзи яшовчи кварталдаги итларга ҳамла қилиб ташланиб қувлайдиган бўлди. Итлар кўринишидан ундан каттароқ ва кучлироқ бўлсаларда, ич-ичидан қўрқоқ эдилар.

Лекин итлар билан бўладиган бу каби жангу жадалдан сўнг Мастер Йо уйга лойга ботган ҳолида қайтарди. Император эса уни ҳар сафар ювиб тозалашдан эринмасди. Мастер эса ювинишни ёқтирмасди. Лекин императорнинг ҳукми муҳокама қилинмасди, самурай фақатгина юмшоқлик билан бу ҳукмни ўзгартиришга ҳаракат қилиши мумкин эди холос. Шунинг учун Мастер Йо қаршилик кўрсатмасдан тоғоранинг четига олд оёғини қўйиб индамасдан турарди, лекин кўзларини катта-катта очиб императорга маъюс нигоҳ билан қарарб турарди. Овози эса шунақанги жарангдор эдики, гўё Жельсоминонинг овозига ўхшарди. Кунларнинг бирида Мастер Йо нафақахўр қўшнисининг шарофати билан уйга уст-боши мой чиқиндиси билан бежалган ҳолатда келди. Эртаси куни эса қўшнилар эгасидан "Мушук ишқилиб тирикми, пишириб еб қўймадингизми", деб кулимсираб сўрашди.

- Йўқ, хомлигича еб қўйдим, – деб киноя билан жавоб қайтарди мушукнинг эгаси.

Мастер Йо ўзининг Императорини жонидан ортиқ яхши кўрарди. Ва ўзини унинг олдида бир умр қарздордек ҳис қиларди, бир умр унинг хизматини қилишга тайёр эди. Шунинг учун доим Императорнинг ёнида ётарди: мободо император Мастер Йонинг қорнини силашни хоҳлаб қолса, уни олдида бўлиши керак-да. Бунинг устига узун тирноқлари билан унинг сочини тараб туради. Ахир тўсатдан уруш бошланиб қолса, Император сочлари таралмаган, тўзилган аҳволда чиқмайдику.

Мастер Йо ҳар тунда соат учда кўчадан уйига қайтарди ёки бўлмасам айнан шу вақтда уйидан кўчага чиқиб кетарди. Ҳеч қандай тўсиқ бу одатига амал қилишига ҳалақит бера олмасди. Ҳаттоки унинг ҳаракатланишига қараб соатларни тўғрилаб олса бўларди. Шунинг учун Император ҳам соат 02:59да кўзини очишга одатланиб қолганди, Мастер Йо жамоат тинчлигини бузмаган ҳолда ташқарига чиқиб кетишини таъминлаши керак эди-да.

****

Бу кеча одатий ҳолда ўтаётган эди. Аёлнинг турмуш ўртоғи ва ўғли балиқ овига кетишган, аёл эса уй-рўзғор ишларининг ҳеч қайси бирини бажаргиси келмай диванга ёнбошлаганича китоб ўқирди. Сариқ мушуквой ҳам аёлнинг ёнига ётиб телевизор кўрарди.

"Мастер қаерда экан... Уйдами ёки кўчада?" ўйлай бошлади Аёл. Лекин уни қидиришни хоҳламади, майли кечқурун аниқларман деди.

Улар шу тариқа ётган жойларида ухлаб қолишди. Уй бекасининг тушига Токио ва океан кирди. Шу сабабдан соат 02:59да уйғонмади. "Тунги нола"дан уйғониб кетган аёл аранг ўрнидан турди, кўзини чала очган ҳолда, уйқусираб эшик олдига келди. Аёл Мастерни кўчага бугун чиқмаган шекилли деб ўйлади ва оёғи билан пайпаслади, лекин Мастер йўқ эди. Демак ташқаридан қайтибди, чиқмоқчи эмас, деб ўйлади ва эшикни очди. Эшик олдидаги узун таёқ билан мушукни пайпаслай бошлади (Мастер эшик очилганини эшитмасди, у кўчадан қайтганида зинага ўтириб оларди эди, шунинг учун эгаси эшик олдидаги таёқ билан мушукни уйга чорларди). Лекин мушук йўқ эди. Аёл кўзларини қўли билан ишқалаб очди. Мушукнинг баланд овози қўчадан эшитиларди. Сариқ мушук катта тезлик билан югуриб ошхонага ўтди ва деразадан ташқарига қаради. Уй бекаси устига куртка ва оёғига шиппагини кийиб ташқарига чиқди.

Улар яшайдиган уйнинг дахлизига яқиндагина кодли қулф ўрнатилди. Лекин бунга зарурат йўқ эди. Сабаби уларнинг икки йўлакли уч қаватли уйига кириш ва чиқиш жойи битта – қўриқчи ўтирадиган жой, бошқа йўл йўқ. Шунинг учун йўлак эшиклари доим очиқ турарди.

Мастер эса кўчада шок ҳолатида эди. У бир оҳангда бақириб йиғларди: - Одамлар! Бу ерда ҳозиргина кириш жойи бор эди, у қаерга ғойиб бўлди? Бирор нима қилинглар!!!

Аёл биринчи қаватга туша солиб, дахлиз эшигини очиб ташқарига қаради. Мушук биринчи қаватдаги кондиционер устига ўтириб олиб тинмасдан овозини борича бақирарди, аёлга эса тескари ўтирарди

- Мастер…, - деб чақирди аёл. У Мастерга қўлларини кўтариб ҳам бақирарди, лекин фойдаси бўлмади. Кейин унга қарата тош отди. Шунда Мастер кўзларини очди ва Императорни таниди. "Император!". У Императорнинг қўлларига отилиб чиқиб олди ва шу тариқа жим бўлди.... Атрофга ҳам сукунат чўкди.

Шу пайт дахлиз эшигининг ёпилгани эшитилди. Энди нима қилади. Тўғри, дахлизга кодли эшик ўрнатилаётганда бу уйда яшовчиларнинг барчасига қулфнинг коди ёзилган қоғоз тарқатилган эди. Лекин аёл коднинг рақамларини ёддан билмасди.

Уй бекаси дахлиз ёнидаги зинага келиб ўтирди ва эгнидаги курткасининг этаги билан тиззаларини ёпди. Нима қилсам экан деб ўйлашни ҳам истамасди. Эгнида куртка, оёғида шиппак, телефони йўқ, уйида ҳам ҳеч ким йўқ. Соат тунги 03:00. Ҳамма қўшнилар ухламоқда (Сариқвой мушук хонадон деразасидан пастга, уларга қараб: "Буни қаранг-а ... менга эса ҳаттоки ҳожатхонадаги қоғоз билан ўйнашни тақиқларди", деб ўйлади).

Фақатгина биргина нажот йўли бор. Бу ҳам бўлса баланд овоз билан қўшниларни чақириш. Лекин қўшнилардан кимдир ўрнидан туриб ёрдамга ташқарига чиқиши аниқ эмас.

Мастер хўжайини Императорнинг қўйнига кириб олиб, жим ўтирарди. Ҳақиқий уй тўрт девордан иборат эмас, ҳақиқий уй Императорнинг олдида. Император уйга кирмаяптими, демак шундай қилиш керак тамом...

Бўлди, тамом, аёлнинг оёқлари батамом музлади. У мушукни ерга тушириб юборди ва ўрнидан туриб эшик олдига борди ва эшик кодини ўзича тера бошлади, саккизта рақамдан тўрттасини топса бўлди, бунинг учун даҳо бўлиш шарт эмас, деб ўйлади.

Шу пайт Мастер қаердандир кубик топиб олиб, ўйнай бошлади. Буни кўрган аёл "Ҳозир ўйин ўйнайдиган вазият эканми", деб жаҳли чиқди...

Шу пайт Мастер кубикни қўллари билан туртиб Императорнинг олдига олиб келди ва аёлнинг кўзларига диққат билан қаради.

Аёл қулфдаги тугмаларни кубик шаклини ҳосил қилганча бир вақтда босди ва эшик шилқ этиб очилди. Мастер эса шу заҳоти ичкарига югурганича кириб кетди.

- Ҳеч нимани тушунмаяпман, – деди Император аёл устига кўрпачани ёпинганича сариқвой мушукка қараб.

- Сен тушуна олмайсан, – деди сариқ мушук ўз тилида.

Бу пайт Мастер Йо кроватнинг бир четида ўтирар эди.

- Мастер... – дея чақирди уй бекаси кроватдаги кўрпачани кўрсатиб.

Мастер эса аёлнинг чақириғига жавоб бергиси келмай жойида қимирламай ўтираверарди. У ўзидан уяларди, бугун у қўрқувга берилди-да. Энди бунинг учун жавоб бериш керак...

Аёл уни қўллари билан кўтариб, кўрпачанинг устига ётқизиб,

- Ёт, энди ухла! - деб буйруқ берди. – Эртага мен сени яхшилаб чўмилтираман, пишираман ва деразадан ташқарига отиб юбораман...

"Шу энди адолатданми? - деб ўйларди Мастер... - Лекин самурайнинг ҳар бир ҳаракати тўғри бўлиши керак".



Бировларнинг яшаш жойи бўлмаган мушуклар икки тоифага бўлинади. Кўча мушуклари ва уйи бўлмаган мушуклар. Кўча мушуклари шаҳар ҳайвонот оламининг алоҳида бир туркумига кириб, экологияни зарарланиб кетишини олдини олишда хизмат қилади. Уларсиз шаҳар аҳолиси бир қанча муаммоларга дуч келади. Кўча мушуклари ҳаётнинг шафқатсиз зарбаларига дош бера оладиган бўлиши керак, энг кучлилари тирик қолади. Шунинг учун уларга инсон зотининг кераги йўқ. Улар хонаки мушукларга қараганда озғинроқ, узунроқ ва гепардларникига ўхшаш бўлади. Танаси озғин кўринсада, унинг ўзи озғин эмас, аксинча пружина каби узун бўлади. Қотиллик машинаси, мукаммал зот.

Улар инсонлар кўзига камдан кам кўринишади. Нолинчи қаватда яшаб, фақат тунги вақтларда ташқарига чиқишади. Улар машиналар нима, аҳмоқ инсонлар аслида кимлар эканлигини яхши билишади. Уларни тутиш амримаҳол. Бунинг учун махсус тайёргарликдан ўтган армия даркор. Лекин уларнинг уриниши ҳам омадли якунланади деб бўлмайди.

Улар кўча кўйда қуёш остида, хавфсиз жойда ётади, инсонларнинг "кис-кис" деган чақириқларига умуман жавоб бермайдилар. Чунки улар бу сўз нимани англатишини билмайдилар, ҳаттоки бошларини улар томонга буриб ҳам қўймайдилар. Ишонишлари мумкин бўлган инсонларни ўзлари танлайдилар, имтиҳондан ўтсаларгина улар қуйиб берган сутдан ичишлари мумкин.

Тошкентнинг об-ҳавоси ва табиати улар яшашлари учун жуда қулай. Ҳатто қишнинг чилла вақтида ҳам қаттиқ совуқлар бўлмайди. Мушуклар ташқарида – 40 градус совуқ бўлганда ҳам уч соатгача бардош бера оладилар, лекин бу ерда бунақанги ҳаво бўлмайди. Бундан ташқари шаҳар кўчаларида, уйларнинг падвалларида сичқонлар, каламушлар ва қушлар жуда ҳам кўп. Улар қуш овлашга ҳам устаси фаранг бўлиб кетишган. Дарахт шохига уриши билан қўшлар галаси қўрқув билан осмонга кўтарилади. Мушуклар қўллари биланхоҳлаган тарафга уради, қарабсизки иккита қушча ерга тушади ва тушликка айланади. Сиз қушларга раҳмингиз келиб қараб турган бир вақтда, мушук сизга ғазаб билан боқади, гўёки тезроқ кетмасанг, ўзинг ҳам шу қуш ҳолига тушасан дегандек.

Одамларнинг хонадонларида туғилиб катта бўлган хонаки мушукларчи... Улар кўча ҳаёти қандай бўлишини тасаввурларига ҳам сиғдира олмайдилар. Мабодо кўча-кўйга чиқариб ташлангудек бўлсалар аксариятлари яшаб кета олмайди. Уларни машиналар босиб кетиши мумкин. Очликдан ўлиб кетишлари мумкин. Ёки кўча мушуклари билан бўлган жангларда ҳалок бўлишлари мумкин.

Хонаки ҳайвонлар эса инсонлар каби электр токисиз ва музлатгичсиз ҳаётни тасаввур ҳам қила олмайдилар. Уларни кўчага ташлаб кетадиганларга эса Худонинг ўзи бас келсин... Бундай ҳайвонларга омадлар тилашдан бошқа иложимиз йўқ. Омад уларга керак бўлади. Сабаби уларни кўчада кетма-кет кўнгилсизликлар турли касалликлар кутиб турибди. Лекин энг азоблиси – хиёнат, унинг учун жавоб бериш керак.

Мушукларнинг яна аросатдаги туркуми ҳам бор – ярим хонаки, ярим кўча ҳайвони. У кўчада, асфальт устида яшайди. Унинг ўзини кундалик юмушлари бор. Яшаш учун бошпанаси, ҳар кунлик овқати, чўмилиш учун жойи, суяна оладиган инсони бор. Сўнг яна кўчага чиқиб жангга киришаверади. Бу қанчалик яхши ёки ёмон билмайман. Бир тарафдан мушуклар кўча ҳаётини ҳам кшриши, ўрганиши керак. Ҳаётда нималар бўлмайди дейсиз. Бошқа томондан эса – сизнинг қарамоғингизда мушугингиз бўлса, сизнинг ҳечам ўлишга ҳаққингиз йўқ. Нима қилсангиз қилинг, лекин ўлмасликни чорасини кўринг, эҳтиёт бўлинг. Сабаби сизнинг ўлишга ҳаққингиз йўқ.