НОЛИНЧИ ҚАВАТ
5 БОБ. КЎЧА
Рамзес қизиқиб емоқчи бўлган нарсалар жудаям бемаза бўлиб чиқди. Уларни овлаб ушлаш ҳам унча қизиқ иш эмас экан. Икки мартта сакраб ушлаб олишнинг нима қизиғи бор, бунинг устига тахир.

Рамзес икки кундан буён ҳеч нарса емаган эди, кўчада ётган кичкинагина нон бўлагини ҳисобга олмаганда. У нонни яхши кўрарди, лекин бу нон бўлагида ачитқига ўхшаш нималардир бор эди, Рамзес бу нарсани тирноқлари билан олиб ташлашга ҳарака қилди. Емишдан кўра Рамзесни сув муаммоси қийнаётган эди, ҳеч қаердан сув топишнинг имкони бўлмаётганди.

Биринчи куни Рамзес ўт-ўланлар устида ухлашга мажбур бўлди, кечаси уни яна бошқа кўнгилсизликлар кутиб турарди. Бошида Рамзес бу кўнгилсизлик унга яқинлашиб келаётганини сезмади, лекин кўнгли нимадандир ҳавотирда эди. У ўрнидан туриб ён атрофини айланиб чиқмоқчи бўлди. Шу вақт ёнгинасида турган қора рангли, каттакон кўча мушугини кўрди.

Рамзес қўрқиб кетганидан "мяу" деганича ерга ётиб олди ва бошқа ҳеч қандай чора кўра олмади. Рамзес биларди катта мушук ёмон, хавфли, қўрқинчли. Қора мушук қўли билан Рамзеснинг юзи билан бошига чанг солди.

- Онажон! – деганича қоча бошлади Рамзес. У жуда тез чопарди, лекин қора мушук ҳам унинг кетидан қолмасди. Қайси кўчага кириб, қайси кўчадан чиқаётганини англамасди улар. Шу даражада югуриб чарчадики, бўлди тамом бу ёввойининг қўлига тушдим энди деганида, ортидаги қора мушук бирданига тўхтаб, думларини кўтарганича ортига кета бошлади. Буни кўрган Рамзес ҳам тўхтади ва чуқур нафас олди.



Бу ерлар ҳам Рамзес учун нотаниш эди. Ўт-ўланлар устида ухлаган бўлсада, ўша ерга кўника бошлаганди... Энди тунаши учун яна бошқа жой қидириши керак. Шу аснода ён атрофга алангладида, тўғрига юра бошлади. Бирданига қаердандир сувнинг ифори кела бошлади. Рамзес жуда чанқаган эди.

Бу ерларда сув жуда кўп эди, сув Рамзеснинг шундай ёнгинасидан шарқираб оқарди. У секин аста сувга яқинлашди, бу ердан мушукларнинг ҳиди келмасди, балиқларнинг ва жудаям таниш бўлган ниманингдир ҳиди анқиб турарди. Оқ мушук сув ича бошлади, гўёки сувга тўймаётгандек. У сувдан қўрқмас эди, нимасидан қўрқсин сувни, сув унга ташланмайди, тирнамайдику. Сув ичатуриб, қўллари ҳам ҳўл бўлиб кетди.

Энди жудаям эҳтиёткорлик билан иш тутиши керак эди, мақсади фақатгина Профессорни қидириб топиш... Иложи борича кўнгилсизликларга йўлиқмаслиги керак.

Шу пайт орқа томондан қисқагина "гав" деган овоз келди. Овозни эшитган Рамзес чўчиб кетганидан сувга тушиб кетишига оз қолди. Орқада Рамзесдан сал баландроқ бўлган кучукча турарди.

"Бунга энди нима керак экан мендан?" деб ўйлаб қолди Рамзес. Кучукча бошини ерга пастлатганича думини ликкиллатарди. Рамзес ҳам гавдасини ерга пастлатиб, кучукчага қаради. Кучукча катта мушук эмас, ундан қўрқмаса ҳам бўлади. Рамзес гавдасини сакрашга мослаб туриб, кучук боласига қараб бирданига ташланди, кучукча чап бериб қочиб қолди ва "гав" деган овоз чиқарди.

Итларнинг бу турдаги зоти жуда камёб бўлиб, Рамзес уларни ҳеч учратмаганди. Ўсган юнги кучукнинг рангини англаш имконини бермасди. Ундан ҳадиксирашнинг ҳам ҳожати йўқ эди. Рамзес эснадида, ундан ўгирилиб олди. Лекин кучукча кетмасди, ерга пастлаб, думларини қимирлатганча, Рамзесга ўйнашни таклиф қиларди. Бу кучук боласига қараб Рамзес қўшниси Чарли лақабли итни эслади ва ҳафа бўлди. Қаерларда экансан-а ҳозир Чарли? Сен ҳам мени соғинаётгандирсан-а! Рамзес кучукчадан чамаси бир метр узоқликда ётиб олиб, уни кузата бошлади. Кучукча яна бир мартта "гав" деб овоз чиқардида, думини кетидан қувлаб бир жойда айлана бошлади. Рамзесга кучукчанинг бу қилиғи жуда қизиқ туюлди.

Ҳикоя қилмоқчи бўлганимиз бу итни аввалги ҳаётида Жука деб номлашган. Қачонлардир унинг ҳам ота-онаси ва оиласи бўлган эди. У жудаям ақлли кучуклардан эди, ҳеч қачон ортиқча овоз чиқариб, бировларни безовта қилмаган. Уйнинг эшиги олдида куннинг асосий вақтини ўтказиб, эгалари қачон уни ташқарига олиб чиқиб айлантириб келишларини интиқлик билан кутарди. Унинг ота-онаси оламдан ўтганида у учун ҳаёт тугагандек эди гўё. Ҳаётда у учун ҳеч нарсанинг қизиғи қолмаганди ўша вақтларда. Хонадондаги мебель, стол, стул барча-барча нарсаларнинг бир чақадек қадри йўқ эди унга. Унинг ҳаётида асосий ролни ўйнаётган қаҳрамонлар тасвирга тушириш майдончасидан узоқ-узоқларга кетиб қолгандилар энди. Ота-онаси билан тўрт йил давомида бахтиёр ҳаёт кечирди, сўнг бир йил тушунарсиз умр. Жукани ота-онаси уни бошқа бир оиланинг қарамоғига топшириб, ўга юртларга кўчиб кетишди. Кунларнинг бирида янги оила Жукани ҳеч қандай сабабсиз кўчага ҳайдашди, тўғрироғи Жукага нотаниш жойга у Анхор бўйича олиб келиб ташлаб кетишди. Жука уларни қаердан ва қандай қидириб топишни ҳам билмасди, чунки уларга ҳали кўникмаган, уларни ҳидини ҳам ёдида сақлаб қолишга улгурмаганди. Жуканинг хотирасига фақат аввалги оиласининг таассуротлари мухрланганди, уларни эса энди ҳеч қаердан топиб бўлмасди. Жука мана деярли икки ой бўлдики, соҳил бўйида яшаб, ўтган-кетганларнинг берган нарсалари билан озиқланиб яшаб юрибди. Бундан ташқари Жука яқин орада жойлашган озиқ-овқатдан чиққан чиқиндиларни ташлаш жойларига бориб ўзига керакли озуқаларни еб кун кечиради. Бу жойларда инсонлар томонидан ташланган қотган нонлар бўлади, қорни очган пайтида қотирилган нонни иштаҳа билан тановул қиларди Жука. Бу ерларда мушуклар ҳам жуда кўп бўларди. Лекин улардан Жука ҳеч ҳам қўрқмасди. Чунки агарда уларга бориб ўзи тегинмаса, улардан ҳеч қандай хавф-хатар йўқ.

Мушукни кўрганда Жука жудаям қувониб кетганди. Бу ерларда кечалари кучуклар тўдалашиб юришарди. Уларга кўриниш эса жуда хавфлилигини биларди Жука. Мушукчи? Мушук жудаям беозор ҳайвон.

Кучукнинг сакраб ўйнашидан зериккан Рамзес бир сакрашда ёнгинасидаги дарахтнинг тепасига чиқиб олди. Дарахт жудаям қулай жойда эди. Устига чиқиб олган Рамзесга ён атрофдаги ҳамма нарса яққол кўриниб турарди, ўзи эса ҳеч кимга кўринмасди.

Шу пайт Жука қаергадир югуриб кетди ва бироздан сўнг оғзида бир бўлак нон билан қайтиб келиб, ерга қўйди. Бу нон ҳали юмшоқ эди, Жукага бундай нон ёқмасди, тишларини орасига кириб қоларди. Балки янги дўсти мушуквойга шунақаси ёқар деб ўйлади Жука. Рамзес нонни бўлагини кўриб дарахтдан тушди ва ҳидлаб кўрди. Нондан ёқимсизроқ ҳидлар келарди. Лекин Рамзеснинг қорни жудаям оч эди.

Рамзес умрида биринчи бор очлик нималигини ҳис қилди. Илгари бндай ғалати ҳисни сезмаган эди. Профессорнинг уйида яшаётган кезлари ўйинга берилиб кетгани сабабидан ҳаттоки кун бўйи ҳеч нима емасдан юриши мумкин эди. Профессор бечора Рамзес ейиши учун қўлида нон ва сарёғ билан унинг кетидан илтимос қилгандек юрарди. Энди эса оч юришга мажбур. Чиқиндилар ташланадиган жойдан нон топилса ўшани ейишарди, топилмаса шу ҳам йўқ. Рамзес кун сайин озиб, зотдор мушукларга хос кўринишини йўқотиб бораётганди.

Соҳил бўйи Рамзес учун беҳавотир жой бўлиб, бу жойларга мушуклар умуман келмасди. Кучуклар келиб қолгудек бўлса, улардан беркинишнинг йўли осон, бир зумда дарахт тепасига чиқиб олса бўлди... Бундан ташқари бу жойларда ҳатто кўлмакларда ҳам Рамзес учун емиш бўлиши мумкин бўлган майда жонзотлар бор эди. Қурбақалардан кўра ширинроқ бўлганлари ҳам бор эди ҳаттоки. Буларнинг ичида Рамзесга энг ёқадигани – чигирткалар бўлиб, уларни қувлашнинг ўзи ҳам Рамзесга бир олам қувонч бағишларди.

Қирғоқ бўйидаги ҳаётга Рамзес аста секин кўникиб борарди. Ҳаттоки доим ёнида юрадиган кучукча билан дўстлашиб, у билан ўйнайдиган ҳам бўлди. Шу вақтда Рамзес кучукча Чарли билан ҳудди шундай ўйнаб юришларини эслади...

Мушуклар одатда бирон нимадан ҳомуш тортсалар, ёмон кайфиятга тушиб қолсалар, бу ҳол уларда узоқ давом этмайди. Бирор нарса билан ёки бирор ҳайвонча билан ўйнаш имкони пайдо бўлди дегунча, улар бундай имкониятни қўлдан чиқармайдилар.

Орадан бир ҳафталар чамаси вақт ўтганида кўнгилсиз ҳодиса рўй берди. Жука кўчадаги панжараларнинг бирига тасодифан тиқилиб қолди. Рамзес Жука бу ҳолга тушганидан анча ўтиб кўриб қолди. Жуканинг кўкрагини панжара қисиб қолганидан у деярли нафас ололмасдан турарди.

Бу жудаям хавфли эди. Рамзеснинг эса қўлидан ҳеч нарса келмаётганди. Жука шу панжаралар орасига тиқилиб бир неча соат турди ва кучи ҳам қолмади. Рамзес тирноқлари билан Жуканинг орқа томонидан маҳкам ушлади ва уни темирлар орасидан торта бошлади. Шу пайт оғриқнинг зўридан Жука қаттиқ овоз чиқарди. Унинг бу овози кейинчалик унинг жонига малҳам бўлди.

- Қара, қара! Кучук боласи панжарага тиқилиб қолибди! – дея баланд овозда гапира кетишди болалар бир бирларига...

Рамзес узоқроққа бориб, Жукани қутқаришга келган болалар нималар қилаётганини кузата бошлади.

Жуканинг ёнига уч нафар болалар келиб, уни қутқариш чораларини кўришаётганди.

- Эҳ, бечорагиная... бечора.... бироз шошмай тургин ҳозир бирон нима ўйлаб топамиз, - дерди улар.

- Биз уни бу туришда қўлларимиз билан чиқара олмаймиз шекилли, уни чиқариб олиш учун бирон кескир ускуна билан панжарани қирқиш керак бўлади.

Йигитлар темир қирқадиган ускунани ҳам олиб келишди. Панжаранинг керакли жойларини барчасини кесишди. Бу жараёнда Жука шу даражада қийналдики, ҳатто ўлимига ҳам рози бўлиб қолганди. Лекин йигитлар тез орада қутқарув ишларини тугатишди. Эҳтиёткорлик билан кучукчани панжара орасидан чиқариб олишди ва оҳистагина ерга қўйишди. Жуканинг оёқлари панжара темирлари орасида узоқ муддат сиқилиб турганлиги учун увишиб қолгани сабабли юра олмаётган эди.

- Мен бу кучукчани уйимга олиб кетаман, - деди болалардан бири, – фақат аввал бувимдан рухсат олишим керак бўлади...



Сиз бу воқеаларни ёзувчи томонидан ўйлаб топилган, кучукчани ҳаётини сақлаб қолиш учун ўундай якун ўйлаб топган, деб ўйларсиз. Йўқ, бу воқеалар билан, кучукчани боқиб олган болакай билан муаллиф шахсан таниш. Жуканинг ҳозирги исми Соня. Унинг туси ҳам ўзгарган, яъни юнги бошқачароқ тусга кирган. Автор Жуканинг ҳаётидаги бошқа кўп воқеаларга, жумладан инсон ва итларнинг мустаҳкам дўстлилига, узоқдан машина кўриниши билан кучукни оҳисталик билан ердан кўтариб олиб қўйишлигига гувоҳ бўлган.

Яхши воқеалар ҳаётимизда кўп учраб турганиданми, у воқеа ва ҳодисаларни тезда эсдан чиқариб юборамиз. Лекин кимдир бизга зулм ўтказган бўлса, ёмонлик қилса бу бир умрга хотирамизда сақланиб қолади. Ва ҳар сафар бу воқеаларни эслаганимизда таъбимизни хира қилади. Мисол қилиб айтадиган бўлсак, катта ёшли аёллардан бири уйидаги кучук боласини уни парвариш қилиш жонига текканидан пул эвазига ўлдиртириб юборади, бошқаларга эса кучуги йўқолиб қолганлигини айтарди. Ўғли эса йиғлай йиғлай кучугини топиш илинжида кўчалардаги столб ва деворларга кучуги тўғрисидаги эълонларни ёпиштириб чиқади.

Кейин эса орадан бир қанча вақт ўтиб сир ошкор бўлади, орадан етти йил ўтса ҳам барибир ошкор бўлади. Бу орада аёл атрофидаги яқинларини йўқотиб бўлган ва бахтсиз инсонга айланганди. Чунки содир этилган қабихлиқни барибир ҳиди келиб туради, у кўринмас, лекин одамлар уни сезишарди.

Рамзес яна ёлғиз қолди, дарров зерика бошлади, Жука унга олиб келиб берадиган нонлар ҳам тугаганди, сут ичгиси келарди. Ҳа, оддийгина сут, бир пиёла йўқ яхшиси бир коса. Лекин сут ҳеч қаерда ўсмайди, бирор жойда ётмайди. Эртаси куни Рамзес қорнини тўйғазиш учун кўлмак олдига, кейин эса нон ейиш илинжида нон бўлаклари тўпланадиган жойга келди. Бу ерга келганида нон ташланадиган идишлар олдида иккита катта мушук турганини кўрди. Ўтган сафар бу мушуклар уни танобини тортиб қўйганди. Рамзес уларни кетишини кутиб туришга қарор қилди ва ўт ўланлар орасига кириб, кута-кута ухлаб ҳам қолди. Баланд овоздаги ёввойи қичқириқдан уйғониб кетди. Кўзларини очиб қараса бояги мушуклардан бири у билан урушишга шайланиб турарди.

Рамзес ерга пастлаб, ўзидаги бор кучини тўплаб, бир ҳаракат билан отилиб доим ўзи ўтирадиган дарахт томон чопди. Ёввойи мушук ҳам унинг кетидан қолишмай қувлади.

Рамзес дарахтдан, гаражлар, темир панжаралар ва ҳаттоки одамлар оёғининг орасидан югуриб кетди. Югура-югура нафасини ростлаш мақсадида тўхтади. Ён атрофга аланглади... Яна ўзига нотаниш бўлган жойларга келиб қолганини англади. Ортидаги ёввойи мушук қаерлардадир қолиб кетган эди. Рамзес эътиборини бир жойга жамлаб, қаердалигини аниқлаштирмоқчи бўлди. Лекин уддасидан чиқмади. Ўзи келиб қолган бу янги жой унга умуман ёқмади. Бу ерлардан мушукларнинг ҳиди келарди. Бу ҳид ёввойи мушуклар бу жойларда жуда кўплигини англатарди. Ҳар ҳолда улар икки дона эмасдир деб ўйларди Рамзес.

Агарда қўлимизда сеҳрли сурнай бўлсаю, сурнайни чалиниши натижасида шаҳардаги барча мушуклар осмонга кўтарилганида эди, мушуклар Тошкент шаҳри осмонини тўлиқ тўсиб қўйган бўлардилар. Чунки Тошкент шаҳри кўчаларида минглаб мушуклар яшардилар. Уларнинг кўп қисми кўчаларда одамларга кўринмайдилар. Уларни биз ёввойи табиатнинг аъзолари десак ҳам бўлади. Биз уларни кўрмаймиз, лекин улар бизни кўришади. Улар уйларда инсонлар билан яшашни исташмайди, биз уларга мутлақо керак эмасмиз. Фақатгина биз уларга тегмаслигимизни, иссиқлик трубалари ўтган кўп қаватли уйларнинг ертўлаларини қулфлаб ёпиб ташламаслигимизни, кўчаларга идишчага шурва қуйиб қўйишимизни хоҳлашади холос. Агарда улар ҳозиргидек кўчаларимизда яшамаганликларида, кўчаларда каламушлар, сичқонлар ва илонлар яшаётган бўлардилар. Бу эса инсоният учун жудаям хавфли.

Мана энди тасаввур қилиб кўринг Тошкент шаҳри осмонига катта ва кичик мушуклар булутлар сингари кўтарилган. Бу булутлар тагида катта катта бинолар, масжидлар бор. Мушуклар инсонларнинг устида думларини, қулоқларини қимирлатганича жону диллари билан учган бўлардилар. Ҳуддики шаҳар уларга тегишлидек тепадан мағрурланиб ердагиларга қараб қўярдилар.

Мен сизларга каламушлар ҳақида сўзлаб бермоқчиман. Агарда сиз дунёдаги энг ақлли ҳайвон бу дельфин ёки кучуклар деб ўйласангиз адашасиз. Дунёдаги энг ақлли ҳайвон бу каламушлардир. Каламушлар ҳаёт мактаби синовида қотган, ўлим хавфига ҳам қарамай яшаб қолишга интиладиган шундай бир жамоаки, уларга ҳарбий хизматчилар ҳам ҳавас қилса арзиди. Каламушларнинг душманлари жуда кўп. Шаҳарда уларнинг биринчи навбатдаги душманлари бу мушуклардир. Мушуклар туфайли каламушларнинг кўпайишлари қийинлашади. Мушуклар етиб бормайдиган жой топиб, каламушчаларни кўпайтиришнинг имкони деярли йўқ. Мушуклардан ташқари каламуш болачаларига шаҳар ҳудуди ташқарисида тулкилар, йиртқич қушлар ва илонлар ҳам катта хавф туғдирадилар. Шаҳар ташқарисида каламуш болаларига келадиган хавф-ҳатарга бир йўлини қилиб чап бериб қолиш мумкин, лекин шаҳар ичида мушуклардан омон қолиб бўлмайди. Шунинг учун токи мушуклар бор экан, каламушлар урчиб кетмайди.

Мана энди тасаввур қилиб кўринг, бутун дунё мушуклари ер юзидан ғойиб бўлишди. Шу оннинг ўзидаёқ каламушлар шаҳар бўйлаб, қаторларга тизилиб олиб, ғалаба нашидасини суриб, ҳарбий марш ўтказадилар. Улар инсонлардан қўрқмайдилар, чунки инсонлар улар учун хавфли эмас, қўлидан нима ҳам келарди инсонларни, фақатгина каламушни кўрганида чийиллаганича устунни тепасига чиқиб оладилар холос. Каламушлар билан бўлган урушда ўнтадан тўққизта ҳолатда каламушлар ютади. Ҳар ойда битта каламуш яна 20 тагача каламушни кўпайтиради, улар ҳам ўз навбатида шундай кўпайиб бораверади. Қушлару илонлар улар билан бўладиган курашда ғалаба қозона олмайдилар.

Каламушлар биринчи навбатда шаҳардаги супермаркет ва кичик дўконларни расвосини чиқарадилар. Ҳеч қандай темир қулф ва темир панжаралар бу каби иншоотларни каламушлардан ҳимоя қила олмайди. Дўконларга келасизу каламушлар ҳамласидан сўнг у ер қайдай кўринишга кириб қолганлигидан ёқа ушлайсиз. Каламушларни заҳарлаш билан уларни йўқ қила олмайсиз, бири ўлса ўрнига бошқалари келади. Ҳолат шу даражага бориши аниқ-ки, бунда каламушлар давлатнинг буғдой заҳирасига, фермер хўжаликларига тегишли ҳосилга ҳам етиб борадилар. Агарда вазият шу зайлда давом этаверса, кўп эмас, орадан бир йил ўтиб ер юзида Каламушлар Подшоҳлиги ҳукмронлик қилади. Бу даврга келиб инсоният очарчилик туфайли ер юзидан ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади.

Бу гаплар уйдирма эмас. Балки, айни ҳақиқат бўлиб, бир қанча шаҳар ва бошқа аҳоли яшаш жойларида шу каби ҳолатлар кузатилган.



Рамзес скамейкага ўтириб ҳаёл сурарди. У ҳеч қачон кўча-кўйда изғиб юрувчи ёввойи мушуклар қаторига қўшилишни истамаган бўларди. Доим ўзининг уйида – Профессор ва Шлиманнинг ёнида бўлишни истарди. Лекин кундан кунга "энди бу кунлар ҳеч қачон қайтиб келмайди", деган фикр ўз тасдиғини топиб бораётгандек эди. Бу каби ҳаётга қайтишнинг бирдан бир йўли бу - ўзига инсонлар орасидан янги дўст топиш эканлигини Рамзес яхши тушунарди.

Рамзес шу ўтирганича анча ўтирди. Бир пайт унинг ёнига сут-қатиқ сотиб юрувчи кекса аёл келиб ўтирди. Унга мулойимлик билан бироз тикилдида кейин бошидан силай бошлади, Рамзес ҳам ҳеч қандай қаршилик кўрсатмади. "Инсонлар доим шундай, бироз қараб ўтириб кейин эркалашга тушишади", деб ўйлади Рамзес. Унга инсонлардаги бу одат ёқар эди.

- Мана сенга сут, ичақол! – деб кекса аёл сумкасидаги идишлардан бирига Рамзес учун сут қуйиб берди.

Рамзес айнан бугун эрталабдан бери сут ичгиси келаётганди. У сут-қатиқ сотувчи аёлга рахмат айтгандай бироз қараб турдида, кейин олдида сутни аста секинлик билан ичишга киришиб кетди.

Буни кўрган сотувчи аёл кулди. Рамзес сутни ичишни яхши билмаганлигидан ён атрофига анчасини тўкиб ташлаётган эди. Лекин тўкилган сутни ҳам тезда ялаб тозалаб олишга ҳаракат қиларди у. Ахир яна қачон сут ичиш имкони бўлади, номаълум эди-да... Аввалги уйида, яъни Профессорникида яшаётган кезлари хоҳлаганча сут ичиб, хоҳлаганича тўкиши ҳам мумкин эди. Профессор бечора ўзи тўкилган, сочилган овқатларни Рамзеснинг кетидан тозалаб ҳам оларди. Ҳалиги аёл пиёлачага сутидан яна қуйиб берди ва нарсаларини қўлига олиб кета бошлади. Кетаётиб орқасига ўгирилиб қаради. Рамзес сутни ичишда давом этарди. Бу аёлнинг уйида тўртта мушуги бор эди. Эрталаблари нонушта қилгани яна иккита мушук кўчадан келарди. Нонга шерик бўладиган яна битта тирик жонни оиласидагилар кўтара олишмайди деб ўйлади у. "Мен бу мушукчани ўзим билан олиб кетиб қолгудек бўлсам, балки унинг эгаси бордир..."

Рамзес бу сутни ҳам ичиб бўлиб, қўлларини тозалашга тушди. Сут қуйиб берилган пиёланинг бир чети учган, ичи дарс кетган, ранги униққан эди. Лекин барибир ҳайвонлар овқатланиши учун ишлатиладиган идишларнинг барчаси яхши. Уларнинг энг яхшиси ичида овқати бўлгани деб ўйлади Рамзес. Ичида емиши бор идиш бу жониворлар учун тириклик рамзидир.

Сутдан бўшаган пиёлани Рамзес йўлнинг бир четидаги ўриндиқнинг тагига суриб суриб киргизиб қўйди. Энди ўзим учун зарур бўлган рўзғор буюмларини йиғишим керак, деб ўйларди Рамзес. Ҳудди шу аёлга ўхшаб бирор кимса унга егулик бермоқчи бўлиб қолса, ушбу идиш унга керак бўлиб қолади.

Сутни ичганидан сўнг Рамзеснинг ичига иссиқлик югуриб, очлик азоби ундан бироз чекингандек бўлди. Энди ён атрофни кезиб чиқсас ҳам бўлади. Бу сафар қаерга келиб қолганига аниқлик киритиши керак эди. Рамзес кўп қаватли уйларнинг атрофини айланиб, бировлар кўзидан бемалол беркиниши мумкин бўлган ўт ўланли жой топди. Бу ердан мушукларнинг ҳам ҳиди келмас эди. Бирдан кўзи иккита кичкинагина скелетга тушди...