Қўшни аёл бошини чангаллаганича Рамзес қамаб кетилган хонага киравериш эшиги остонасида ўтирар эди. Унинг кўзларидан дув – дув ёш оқарди, лекин у юзидан оқаётган ёшларни артишни ҳам истамасди. Юз кўзларига суртилган тушь бўёқлари унинг ёшлари билан қўшилиб, юзида аниқ-тиниқ из қолдирган эди. Қўшни аёл Рамзес йўқолиб қолганидан эмас, балки хонанинг яхши беркитилмаган тешиклари орқали унинг орзу умидлари ҳам чиқиб кетганидан йиғлаётганди.
Энди у Ван кўли атрофида яшовчи мушук зотларини урчитиб, кўпайтириш имкониятидан маҳрум бўлганди. Қўшни аёл анча йиллардан буён зотдор мушукларни кўпайтириш билан шуғулланар эди. Ҳозир унинг уйида икки жуфт зотдор мушуклар бор эди - Форс ва британия зотлари. Лекин мушукларнинг бу зотига ҳозирда одамлар унча қизиқишмасди. Мушукларнинг форсий зотлари жудаям муаммоли бўлишади. Юнги, нафас олиш йўллари, кўзлари билан боғлиқ муаммолари кўп уларнинг. Уларни боқувчилар бу турдаги мушукларни қандай парваришлаш кераклигини билмаганликлари туфайли қанчадан қанча мушук болалари нобуд бўлиб кетишган. Улар билан боғлиқ мана шу каби муаммолар кўп бўлганлиги туфайли улар мушук боқувчиларнинг жонига теккан. Ҳудди шу каби мушукларнинг британия зоти ҳам одамларнинг жонига тегиб бораяпти. Қаерга қарама ҳамма жойда британия зоти. Улар касалликларга тез чалинувчан, кўп эътиборни, кўп пул сарфлашни талаб қилувчи зотдир. Ҳозирда у ёки бу ҳайвон турларини, зотларини ҳам боқиш мода тусига кирган...
Қўшни аёл уйидаги мушукларини стерилизация қилган, улар ҳозирда қари эди, ҳаётининг сўнгги кунларини тинчлик ва осойишталикда ўтказиши керак. Мушукларнинг Ван зоти эса камёб ҳисобланарди. Ажойиб мушук: катта бўлганида ҳам юнглари ҳудди кичкина мушукчаларникига ўхшаш жуда нозик ва ёқимли бўлади, гўё инсон сочига ўхшайди. Юзининг шакли ҳам жуда чиройли, кўзлари эса турфа рангли ёки мовий рангда бўлади. Ва энг асосийси бошқа мушук зотларига қараганда анча ақлли. Улар осмонга бошларини тўлиқ кўтариб қарай оладилар.
Қўшни аёл ҳамон ўзини боса олмай йиғлашда давом этарди. Йўқ, у мушукни қўлдан бой бергани учун йиғламасди, балки бир сония ичида бировларнинг ҳаққига хиёнат қилмайдиган аёлдан ўз нафси йўлидаги мараз аёлга айланганлиги учун аламидан йиғларди. Профессордан ҳеч қачон ёмонлик кўрмаганди, аксинча фақат яхшилик кўрганди ундан...
- Эҳ, қўшнигинам, қўшнигинам-а... – шу пайт Профессор гапираётгандек туюла бошлади, – Уйингда боқаётган мушукларингдан бири касал бўлиб қолганида, зудлик билан ветеринарга олиб бориш керак бўлиб қолганида, тун ярми бўлишига қарамай, мен эмасмидим уни ўша ветеринарга капельница қўйдириш учун олиб борган?
Рамзес йўқолганидан сўнг Профессорнинг қизи мана бир неча кундирки ўзини қўярга жой топа олмасди. Буни сўз билан тасвирлаб бўлмасди.... Ўзини бир нима қилиб қўймаса бўлгани... Эҳ, ахмоқ хотин-а, нимага бу разил ўғриликка қўл урди, нима уни мажбур қилди?
Кечаси билан шу нарсалар ҳақида ўйлаб чиққан қўшни аёл мушукни эгасига қайтаришга қарор қилди. Қандай қилиб, нима деб қайтариб бериш ҳақида эса биронта "афсона" ўйлаб топиши керак эди аввал, ёки ҳақиқатни, ўғирлаб кетганини айтсинми? Йўқ, бундай деёлмайди. Ёки бўлмасам Рамзесни кўчада машина уриб юборган экан, кейин ўша машинанинг ҳайдовчиси уни ветеринарга олиб борибди, уни ветеринария пунктидан топдим десинми? Йўқ... Профессорнинг қизи аллақачон шаҳардаги барча ветеринария пунктларига қўнғироқ қилиб, маълумот олиб бўлган эди. Лекин қандай қилиб бўлмасин, Профессорнинг қизига Рамзес ҳақида айтиши керак...
Ўша пайтнинг ўзида бошида қайтариб бериши керак эди, барибир бир кунмас бир кун ҳақиқат юзага чиқиши аниқ эди. Агар ўша пайтда қайтариб берганида, Профессорнинг қизи қувонганидан қўшнисининг қилган бу қилмишига унча эътибор бермаган бўларди.
Мушукни қидириш керак, қандай бўлмасин топиш керак! Ҳали узоққа кетмаган бўлиши керак, қишлоқ кичкина. Асосийси мушукни қидираётганда ҳеч кимдан у ҳақида сўрамаслик лозим. Фақат қишлоқнинг ҳар бир нуқтасини, бурчагини кўриб чиқиш керак бўлади. Топилади албатта. Топилмай қаерга боради. Кейин дарҳол Профессорнинг қизига Америкага телефон қилиб, мушугинг топилди, у ўлмаган экан деб суюнчи оламан ундан. Хоҳласа ўзи келиб олиб кетсин.
Асосийси уни қидириб топиш. Қўшни аёл ўрнидан туриб бориб юзидаги косметикасини ювди ва бошига рўмолини ўраб яхши инсон қиёфасига кирди. Рамзесни қидириб топиши кераклигининг бошқа сабабларидан яна бири - у мушукларни жудаям яхши кўрарди, уларни фируза ёки мовий кўзларини, юмшоққина қулоқчаларини ва қўлчаларини. Телевизор кўриб ўтирганда ёнингдаги иссиққина ҳамроҳ, кичкинтойлар касал бўлгандаги уйқусиз тунлар, улардан бирортаси вафот этгандаги чексиз қайғу. Пул эмас, тирик жонзод вафот этади ахир. Бу аёл яхши инсон... эди... Лекин у албатта қайтади.