Кимдан кутса ҳам, бундай ишлар қилиши мумкинлигини инсон зотидан ҳеч ҳам кутмаган эди Рамзес. Чарлидан бошқа итлардан қочиш кераклигини, акс ҳолда тишлаб олишлари мумкинлиги биларди. Бошқа мушуклардан ҳам қочиш кераклигини, акс ҳолда улар тишлаши мумкинлигини биларди. Лекин одамларданчи? Улар беозор мавжудот эдику. Уларни ҳатто эркаланиб тишлаш, тирнаш мумкин эдику ахир. Бунинг эвазига улар бизни ҳеч қачон жазоламаганлар, қувламаганлар ҳам. Қўлида узун тирноқлар йўқ, тишлари эса фақат овқат ейиш учун. Булар қанақанги одамлар бўлди?
Шу пайт кимнингдир дағал қўллари Рамзеснинг ёқасидан олди ва қаттиқ силкитиб, орқасидан тепди.
- Ярамас! – деди қўллар эгаси. – Бўғиб ўлдираман сени...
- Эй, секинроқ, майб қилиб қўясанку... – қўшни аёл хавотирланиб собиқ эрига қаради. Бу эркак билан қандай қилиб ўн йил бирга яшади экана? Ўзига асло қарамайдиган, доим соч соқоллари ўсган, ёмон ҳидлар анқиб турувчи эркак. Ахир қачонлардир уни яхши кўрган эди...
- Сенга пул керакми? – жиддийлик билан гапирди қўшни аёл. – Сабр қиласан. Мушук ўз қаршилигини намоён қилмоқда, ҳозир у стрессда, уни тушуниш керак. Мен бу мушукчани уйимда олиб қола олмайман. Ўзимни тўртта мушугимнинг ташвиши етиб ортади менга. Яна уни кимдир кўриб қолиши ҳам мумкин бу ерда.
- Мен бу ярамасга кўрсатиб қўяман ҳақиқий стрес қанақа бўлишини!
Рамзес у кишининг қўпол ва дағал қўллардан отилиб чиқиб кетди ва хонадаги диваннинг тагига югурганича кириб олди. Менга ёқмаяпти бу ишлар, мени уйимга олиб бориб қўйинглар ярамаслар, бандитлар...
- Уйдаги ҳамма нарсани расвосини чиқардинг! – деб қичқирарди ўша эркак – Тўшакларни ювиб тозалаб улгурмаяпман ахир сени дастингдан...
Қўшни аёл эркакнинг гапларини эшитиб, лабини тишлади. Авваллари у билан бирга яшаганда тўшакларни ойда бир марта ювиш учун рухсат берарди, ўзича кир ювиш кукунини тежарди, энди аҳволини қаранг. Бунақангиларга Худо мушукни юбориб, буюмларини ҳар куни ювишга мажбур қилиб қўяр экан. Шунинг учун инсон хаддидан ошиши керак эмас.
Рамзес шу пайт акса урди. Диваннинг таги чанг босиб ётган эди. Рамзес шу тариқа бу хонадонда бир ҳафта яшади, лекин бир дақиқага ҳам ўзини қандайдир балога йўлиқиб қолганлигини эсидан чиқармади. Бу ердаги ҳамма нарса ғалати эди. Хоналардаги ҳид ёқимсиз, ойналардан нур яхши тушмасди, одамлар бир бирлари билан яхши муомилада бўлмасди, энг асосийси ғалати егуликлар билан боқишар эди уни. Сутни эса умуман беришмасди. Энг аламлиси Профессор ҳамда қизил оёқ кийими кийиб олган Профессорнинг қизи йўқ эди...
У аёл отасининг вафотидан сўнг ақлдан озиб қолсам керак, деб ўйлаган эди. Лекин йиғламади, дод-фарёд солмади, фақат кўзёшлари беихтиёр оқарди. У бор кучи билан ичидаги тўғонни тўсишга интиларди, ўзини қўлга олишга ҳаракат қиларди, сабаби бир тарафдан укаси бўлса, иккинчи тарафдан фарзандлари унга қараб турибди, уларни олдида ушбу тўғон ёрилиб кетишига йўл қўймаслиги керак.
Рамзес йўқолиб қолганда эса... Биласизми у ойнадан сакраб ташқарига чиқиб кетди... Кейин эса катта кўчага. Ва уни ўша ерда катта машина уриб юборган... Ўша ердан болалар мушукчанинг бўйнидаги қўнғироқни букланиб кетган ҳолатда қон доғлари билан топиб олишди... Нимага деразани ёпиб қўймади-я ўшанда? Ўшанда аёл қалбидаги тўғоннинг бир дона тошчаси тушиб кетди ва бутун тўғон ёрилди, аёл қалби ғамга чўкди.
Инсон бирор кор ҳол юз берганда ўзини койиб, айблаши бу одатий ҳол. Дераза доим очиқ турар эди, Рамзес доим ҳовлида ўйнарди. Шлиман эса Рамзес кўчага чиққан вақтида уни пойлаб, қоровулларди. Лекин Профессорнинг қизи ўзини ўзи айблагани айблаган.
- Уни уйимга олиб боролмайман, қўшнилар эртами кечми уни барибир кўриб қолишади. Кейин кимдир хабар бериши мумкин, телефони борку уларни. Шундоқ ҳам ўзимни ташвишларим бошимдан ошиб тошиб ётибди! Профессорнинг қизи мушуги ҳақидаги хабарини эшитиб қолса, қайтиб келади, кейин жанжални каттаси бўлади.
- Уни дала ҳовлига олиб бориб ташла, у ердаги ёрдамчи хўжалик хоналарда яшайверади, қўшниларга егулигини ташлаб келсанг қараб туришади, очидан ўлмайди, кўрик учун боқмаймизку уни.
- Бу яхши фикр! Лекин дала ҳовли совуқку, кейин бир ўзи яшай олармикин?
- Менга қара, бу сенга инсонмиди, бир ўзи яшай олмайди десанг. Кўникиб кетади! Асосийси бу зотдор мушукларни кўпайтиришимиз керак, кейин тўрт тарафи қибла!
- Уни кўпайтириш учун аввал унга жуфт топиш керак. Ван зотли мушуклар Тошкентда йўқ. Ангорка зоти мос тушади бу мушукка менимча...
- Тўппа тўғри! Ҳозирдан қидиришни бошлагин. Энди эса бу дардисарни мени уйимдан тезроқ йўқот, акс ҳолда мен уни ўлдириб қўйишим мумкин ёки ойнадан отиб юбораман...
***
... Дала ҳовлидаги ёрдамчи ҳўжалик хоналари ҳақиқатдан совуқ эди. Қўшни аёл билан эркак эски кўрпачаларни олиб кириб, хонадаги барча тешикларга латта бўлакларини тиқиб ёпиб чиқишди. Ёруғлик эса фақат биттагина кичкина деразадан тушади.
- Ҳайр мушукча! Биз йўғимизда зерикмасдан ўтиргин – деб мулойим гапирди қўшни аёл. – Тез орада мен сени олдинга дугона олиб келаман, иккалангиз зерикмасдан шу ерда яшайсизлар.
Қўшни аёлнинг собиқ эри қопга солинган "китти-кэт" номли мушуклар емишини девор олдига қўйди ва уни ёнига сув тўлатилган идишни ҳам қўйди.
- Мана сенга энди ҳаёт бошланди… Қанча хоҳласанг, қаерга хоҳласанг хожатга чиқавер энди! - шундай деганча хахолаб кулди эркак. – Бўлди, кетдик энди. Икки уч кундан кейин келамиз, тутқунликдаги мушугимиздан хабар олгани.
Оппоқ Рамзес улар кетаётган машинанинг кетидан қараб қолди. Нималар бўлаётганлигини ҳали ҳануз яхши тушунмасди.
Рамзес ўзи жойлашган хонанинг барча жойини, бурчакларигача ҳидлаб чиқди. Бурчаклардан сичқоннинг ҳиди келар эди. У сичқон ҳиди қанақа бўлишини билар эди. Бир пайтлар унга дўсти Чарли сичқонларни тутиб келтирардида.
Рамзес хонадаги латталар устига ётиб, бошини қўлларини устига қўйиб, чуқур нафас олди. Рамзес ҳар сафар шунақа қилганида Профессор буни кўриб, мириқиб кулар эди. Одатларинг одамларникига ўхшайди, дерди ҳар сафар Профессор. Лекин Профессорнинг уйида эканлигида чуқур нафас олиб, хўрсинишга сабаб йўқ эди. Ҳозир эса...
"Ҳаётда нима бўлишини билиб бўлмас экан... – ўйлар эди Рамзес – Илгари ёмон яшаганмидик? Яхши яшагандик, Шлиман билан еб-ичиб, ўйнаб-кулиб юрардик. Лекин ҳаммаси ўзгариб кетди, сабаби эса номаълум".
Рамзес яна бир марта хонанинг барча бурчакларини ҳидлаб чиқиб, ёпиб қўйилган тешиклардаги латталарни чиқара бошлади, хоҳлаган тешигингдан чиқавер. Бу одамлар ғалати экан, ўзини ҳаммадан ақлли деб ўйларкан. Рамзес озгина сув ичдида, тешиклардан бири орқали ташқарига кўчага отилди. Бу жойлар Рамзес учун мутлақо нотаниш эди. Уйлар кетидан уйлар, баланд-баланд панжаралар, ҳамма ёқда чанг. Қайси томонга юрса экан? Нимагадир ўнг томонга юргиси келди. Дала ҳовлилар посёлкасини тўлиқ икки мартта айланиб чиқиши учун Рамзесга ярим кунгина етарли бўлди. Бу орада у қаерларга беркиниш мумкинлигини ҳам билиб олди. Беркиниб олиш жудаям зўр-а, сен ҳаммани кўра оласан, бошқалар эса сени кўришмайди деб ўйлаб ўзича хурсанд бўларди Рамзес. Диваннинг ҳам кераги бўлмайди! Дивансиз беркиниб кўрингчи, эпларимкансиз?!
Кечга яқин Рамзес машиналар турадиган жойга келди. У машиналарни жудаям яхши кўрарди, айниқса улардан таралаётган ҳидни жуда ёқтирарди... Илгарилари машиналарда Профессор билан узоқ-узоқларга боришарди, тоғларга чиқишарди. Тоғларда каттакон қушлар бўларди. Бир куни тоғда эканликларида катта қушлардан бири Рамзесни тутиб, олиб кетмоқчи бўлди, Профессор бу қушдан Рамзесни аранг қутқариб қолганди ўшанда. Профессор бечора Рамзесни қутқариб қолганидан сўнг роса йиғлаганди...
Ўша қуш ва ўзи билан бўлган воқеани эслаганидан Рамзеснинг елкалари увишиб кетди. Осмонга қаради. Ван кўли атрофида яшовчи мушук зотларининг ўзига хос томонларидан яна бири шуки, уларнинг бўйин қисмлари яхши ривожланган бўлади, шу сабабдан бошларини осмонга қарата жуда баланд кўтара оладилар. Осмонга қараган Рамзес ўша қушни кўрмади. Лекин кўчаларда машиналар ва одамлар кўп эди. Бу одамлар Рамзесга мутлақо нотаниш эди, улар одамларнинг қайси турига киришлигини Рамзес билмасди. Уни уйидан олиб кетган, дағал қўлли, ёмон муомалали ўша эркакнинг туриданми улар ёки ўзаро урушмайдиган, доим яхши муомалада бўладиган яхши одамлар сирасиданми. Балки ёмон муомалали, урушқоқ зотли одамлар жуда камдир ҳаётда. Билиб олишим керак деб ўйларди Рамзес.
Рамзес машиналар ва одамлар оёғи орасида айланиб юраркан ўзи учун қизиқарли бўлган ҳеч нарсани учратмади. Барча машиналарнинг эшиклари қулфланган эди, машинада кетиш учун аввал машинанинг ичига кириб олиш кераклигини Рамзес яхши биларди. Машинанинг устига эса ўтириб бўлмасди. Айланиб юриб зериккан Рамзес дарахтларнинг бирига бир сакраб чиқиб, яхшилаб ўтириб ўрнашиб олди. Шу ўтирганича кечгача ўтирди ва фақатгина кун қоронғулашганда дарахтдан пастга тушди.
Машиналар ҳам бирин кетин ҳар томонга кета бошлади. Фақатгина иккита машина жойидан қўзғалмади ҳали. Уларнинг олдида эса икки эркак скамейкада ўтириб нард ўйнашарди. Рамзес нард ўйини нима эканлигини, қанақа ўйинлигини яхши биларди. Профессорнинг хонадонида эканлигида нард тошларида ўйнаб, уларни доим қаерларгадир беркитиб қўярди.
Рамзес яна бир марта хўрсиниб қўйдида дарахтдан тушиб, бўм-бўш кўча бўйлаб кета бошлади. Қаерга кетаётганини билмасди, лекин ичидаги нимадир уни шу йўл бўйлаб юришга ундарди, гўёки шу йўл бўйлаб юраверса, уйига Профессорнинг ёнига борадигандек эди.
- Қара, мушук кетяпти! – машинада кетаётган йигитлар бир – бирларига гапира туриб машиналарини секинлаштиришди. – Ўзича ишбилармон, худди қаерга кетаётганини аниқ биладигандек! Нимага мушуклар шунақа юраркан-а, гўёки улар жиддий ишлар билан шуғулланадигандек?
Рамзес секинлашаётган машинага қарадида жойида тўхтади. Машина ҳам тўхтади.
- Бу мушук... - деди рулда ўтирган йигит. – Эй мушуквой қаерга кетаяпсан, балки олиб бориб қўйиш керакдир?
Йигитлар ўзларича хахолаб кулдилар.
- Бу мушукчани чиройлилигини қара, ўзимизни махаллий мушуклардан бўлса керак а.
- эшигингни очгинчи, балки ўтирар?
Иккинчи йигит ўзи томондаги эшикни очди:
- Ўтиринг марҳамат, ҳурматли мушуквой.
Йигитлар яна кулишди...
Рамзес қадамларини секин ташлаб юриб келдида, олд оёқларини машина остонасига қўйди.
- Э... - йигитлар бир бирларига қараб қолишди. – Мушуквой, сен чиндан ҳам биз билан кетмоқчимисан? Уни қаранглар, мушукча ростанам биз билан кетмоқчи шекилли... Сен тошкентлик мушукмисан?
Йигитларнинг иккинчиси эса эшикни каттароқ очди. Бироз ўзини йўқотиб, кулиб турганча мушукнинг машинага чиқишига ҳанузгача ишонқирамай ўтирган еридан бирозгина сурилди ҳам. Шундан сўнг чўнтагидаги қўл телефонини олиб, мушукчани видеога тушира бошлади.
Рамзес аввал унинг тиззасига сакраб чиқиб, кейин орқа ўриндиққа ўтиб кетди.
- Тасвирга тушир уни!
- Ҳозир. Телефон батарейкаси ўтириб қолмаса бўлди... Куннинг энг қизиқарли ҳодисаси бўлади бу!
Рамзес йигитларга маъноли кўзлари билан қараб қўйдида, нима учун жойимиздан қўзғалмаяпмиз деб ўйлаб қолди. Кетдик, қўзғалдик... – деб ойнага қўлларини қўйиб кўчага қараб олди.
- Эй менга қара, нима биз уни қўйиб юборамизми? – деди биринчи йигит иккинчисига қараб. - Балки мен уни уйимга олиб кетарман а, нима дейсан? Қара буни ёқимтойлигини! Оппоққина. Мушуквой мен билан кетасанми? – деб ҳалиги йигит Рамзесни оҳистагина силаб қўйди.
"Шу йигит яхши экан, хушмуомила", – деб ўйлаб қолди Рамзес
– Ана, етиб ҳам келдик мени жажжи дўстим! – Йигит думи узун йўловчини қўлига олдида машина эшигини очди.
Рамзес шу заҳоти сакраб газоннинг устига тушди ва буталар ичига кириб кетди.
- Эй тўхта! – дея бақирди йигит.
Рамзес бу вақтда энди йигитларнинг чақириғини эшитмаётганди, у тезлик билан буталар орасига кириб кетганди.
- Эх, "ярамас", ҳаттоки рахмат айтмадия! Аферист! Тошкентга етиб олиш учун чиққан эканда машинага.
- Охо, қара Тик-Токда мушук билан боғлиқ видеони кўриш ҳажми мингтага етибди!
- Майли мушуквой! Яхши боргин, агарда қайтгинг келса келавер ёнимизга, машинани номерини эслаб қолгандирсана...
Рамзес машинадаги йигитларни улардан узоқлашиши биланоқ эсидан чиқариб бўлди. Лекин энди у уйига етиб келганини ҳис қилди! Ўша асфальт йўллар, ўт-ўланлар, тандирда ёпилган нонларнинг ҳиди шундай анқиб турарди! У энди ўзининг жонажон шаҳрида эди.
Рамзеснинг шундоққина ёнидан унга нотаниш бўлган қандайдир жонзот сакраб сакраб ўтиб қолди.
- Жуда қизиқ мавжудот эканми! Эй тўхтасангчи! – деди Рамзес ва уни оёқлари билан босиб тўхтатмоқчи бўлди шу пайт. Бу қизиқ ва кулгили мавжудот бирданига "ква!" деган овоз чиқаздида Рамзеснинг оёқлари тагидан бир сакраганича чиқиб кетди.