НОЛИНЧИ ҚАВАТ
2 БОБ. МЕЪРОС
Агар сенинг қарамоғингда мушук бўлса, уни ёлғизлатиб бу дунёни тарк этишга ҳаққинг йўқ. Нима қилсанг қил, чекишни ташла, чанғи уч, юрганингда эҳтиёт бўл, тепага қараб қўй, бошингга ғишт тушиб кетмасин, ўз вақтида уйингга қайт, лекин вафот этма. Ўлимингдан кейин ёлғиз қолган инсонлар ўзларини эплаб, ҳаётда йўлларини топиб олишади, чунки улар инсон. Мушук эса йўқ. Ёлғиз қолиб кетган мушук билан турли кўнгилсизликлар рўй бериши мумкин. Шунинг учун Профессор ҳаёт учун курашарди. Оғир касал бўлиб ётган вақтларида ҳам ўзига ўзи "Йўқ, мени ҳозир ўлишга ҳаққим йўқ, кетгин эй ўлим, 15 йил, 20 йилдан кейин келгин, мени қарамоғимда ҳозир Рамзес бор, у ким билан қолади мен ўлиб кетсам" деб ўзига ўзи гапирган бўлар эди.

Рамзес овқатланаётиб, бирдан тўхтаб қолди. Диваннинг тагига кириб олиб, хонадаги ҳар бир оёққа бирма бир қараб чиқди, улар қаердан келиб қолганларини ҳеч тушуна олмас эди.

"Оёқлар... – деб ўйланиб қолди Рамзес, - қаердан келиб қолди улар, кетинглар тезроқ, қаердан келган бўлсаларинг ўша ерга кетинглар, бу ерда нима қилаяпсизлар..."

Бу вақтда Шлиман ўзининг қафасида ўтирар эди. Ҳеч ким билан гаплашишни хоҳламасди.

Мана хонага яна бир оёқ ташриф буюрди, диванга келиб ўтирди, оёқларига қип қизил пайпоқ кийиб олган. Бир пайт оёқларнинг ўрнида одам боши пайдо бўлди. Унинг кўзлари маъюс ва йиғлаганидан қизариб кетган эди.

- Рамзесчам, кел овқатланиб олгин… - деди ўша нотаниш чеҳра. – Агарда овқат емасанг дадам келгунларича озиб кетишинг мумкин, кейин дадам бизни урушадилар.

Йўқ, қайтиб келсин Профессор кейин овқат ейишни бошламоқчи Рамзес. Келганидан сўнг унга бир бурда ноннинг устига сарёғ суриб беради, сут қуйиб беради ва ҳаётидаги қизиқ воқеаларни эринмасдан айтиб беради.

Диваннинг олдига ҳалиги қиз идишда сут келтириб қўйди. Рамзес астагина диван тагидан чиқиб, сутни ҳидлаб қўйди. Сутга қизнинг кўз ёшлари томди.

- Вой, кечирасан, - деди-да кўз ёшини артди, - ҳар доим фақат яхши ният қилиш керак, ҳеч қачон ёмон ният қилмаслик керак, ҳали ҳаммаси яхши бўлади, тўғрими? Америкага кетамиз ҳаммамиз биргаликда, сен, дадам ва Шлиман. Дадамни ўша ерда яхшилаб даволатамиз.

Лекин уларнинг дадаси бошқа қайтиб келмади. Дунёда шундай ўлимлар ҳам бўладики, у келганда ҳеч қанақа Америка ҳам ёрдам бера олмайди.

***

Уч кун мобайнида Шлиман ва Рамзес Профессорнинг хонасида ўтиришди. Хонадан ташқарида салгина овоз бўлса ҳам уларга эшитиларди. Хона эшиги олдида иккита идишда улар учун овқат туриб, бу овқатлар ҳар куни янгисига алмаштириларди. Шлиман ва Рамзес деярли ҳеч нима емаганликлари туфайли, овқатлар ҳар куни шундайлигича тўкиб ташланиб, ўрнига янги овқатлар қўйилар эди. Рамзес хона деразасидан ташқарига тикилганича ўтирар эди. Агар узоқ кутилса, Профессор қўлида пакет билан ҳовлида пайдо бўлиши керак эди. Фақат сабр билан кутса бас, Профессор албатта қайтиб келади, албатта...

Бу вақтда ошхонада бир аёл ва эркак ўтириб, ўзаро гаплашишар эди.

- Рамзес билан Шлиманни мен ўзим билан олиб кетаман, – деди аёл.

- Йўқ, кел яхшиси бундай қиламиз, сен мушук боласини, мен эса тўтиқушни ўзим билан олиб кетаман – деди эркак.

- Йўқ... – деди аёл киши бошини қатъийлик билан қимирлатиб, - улар иккаласи биргаликда, битта жойда яшаб, бир бирларига ўрганиб қолишган. Эртага ветеринарга борамиз, уларни олиб кетиш учун керакли ҳужжатларни расмийлаштирамиз.

- Унда менга отамиздан нима меърос бўлиб қолади? Кел, унда мен отамдан қолган китобларни олиб кетаман, – деганча эркак сигарет пачкасидан сигарет олиб, тутатишга уринди.

- Яна чекишни бошлаб юбордингми?

- Билмадим, чекишни бошладимми ёки йўқми, лекин жудаям чекким келаяпти...

- Мана, отамиздан қолган меъросни ҳам бўлишиб олдик, – деб аёл ўзига ўзи кулиб қўйди. – Квартираничи, уни нима қиламиз?

- Квартирани қолдирамиз, сотмаймиз уни. Мен ўзим куним битиши яқинлашганда кўчиб келаман бу уйга, ўлимимни шу ерда кутиб оламан насиб қилса... Шу ерда, Шайхонтоҳурда...

- Ўлишни ўйлаётган бўлсанг фақат мендан сўнг, чунки мен сендан каттаман...

Орага яна сукунат чўкди. Мана шу тарзда бир неча кун ўтди. Бир икки оғиз ўзаро гаплашган бўлишади ва яна ўрталарида жим-житлик ҳукм суради. Эхх... Бу ота - она деганлар жуда бевақт ўтар эканларда оламдан, инсонга, фарзандларига умрининг энг керакли вақтларида шартта ташлаб кетиб қолишаркан. Биз тўқсон ёшга киргунимизга қадар яшаб юришса нима бўларкина... Чунки инсон тўқсон ёшга киргунича ёш боладек экан. Ёши нечида бўлишидан қатъий назар ота ва онаси доим керак бўларкан...

Уч кундан буён ёпилмаётган эшикни кимдир тақиллатди ва қўшни аёл кириб келди.

- Қизим сенинг олдингга бир таклиф билан келгандим – дея стулга келиб ўтирди қўшни аёл. – Сенга ортиқча ғам-ташвишни нима кераги бор, яхшиси мушугингни мени уйимга ташлаб кетақол, – деб ёнида турган Рамзеснинг бошидан оҳистагина силаб қўйди. – Ўзинг яшайдиган жойга олиб кетишинг шарт эмаску, узоқ жой бўлса. Мени ҳам уйимда тўртта зотдор мушукларим бор, ўшалар билан биргаликда парвариш қилардим, нима дединг а? Мени мушук боқиш бўйича бир неча йиллик тажрибам ҳам бор...

- Сиз шакар сўраб чиққанмидингиз? – деб сўради Профессорнинг қизи. – Мана шакар, марҳамат…

- Майли, сен яхшилаб ўйлаб кўр яна...

- Биз ўйлаб бўлганмиз. Рамзесни мен ўзим билан олиб кетаман. Шлиманни ҳам. Улар отамизга ўз оиласидек бўлганликлари учун бизга қадрли, шунинг учун ҳам уларни ҳеч кимга бермайман. Мени Америкадаги уйимда ҳам ҳайвонлар бор, тўғри мушугимиз йўқку, лекин кучугимиз бор, эримники. Жудаям ақлли, меҳрибон кучук.

- Шунчаки бергинг келмаётган бўлса, сотинглар менга! Қанча сўрайсан, бераман...

Қиз дераза томонга шарт ўгирилиб олди. Отасидан қолган ҳайвонларни, отасидан қолган ёдгорликни мушукларни кўпайтириш билан шуғулланадиган бу аёлга пуллаб юбориш... Шу ҳам одамгарчиликданми...

- Рамзеснинг бўйнидаги тасмаси жудаям чиройли экан, – мавзуни бошқа томонга бурмоқчи бўлиб гапира кетти қўшни аёл. – Уни қаранг, қўнғироқчалари ҳам бор экан...

- Ҳа... Акам олиб келган. Тасмани ички томонида бизни уй адресимиз ва телефонимиз рақами ҳам бор. Лекин Рамзесни ҳеч ким кўчага қўйиб юбормайди. Уйимиз тўсиқлари ҳам пишиқ қилинган, тешик жойлари йўқ. Яшайдиган даҳамиз ҳам осуда.

-Мушуквой, мушуквой...-кис – кис – кис, – деб қўшни аёл Рамзесни чақира бошлади.

Рамзес аёлга тикилганича қараб турарди. "Ўзинг мушуквойсан", дерди ўзига ўзи.

- Сотмаганинг яхши бўлмадида, - Олиб кетиш учун керакли ҳужжатларини тахт қилиб қўйгандирсизлар-а?

- Ҳамма ҳужжатлар тайёр. Учиб кетишимиздан уч кун олдин яна битта маълумотномани олишимиз керак бўлади, билетларни ҳам сотиб олганмиз. Шакар сўраб чиққандингизми? Мен шошаётгандим.

- Уканг қаерга кетган?

- Болаларини олиб вилоятга кетган, қариндошларимизни зиёрат қилгани.

- Бу жудаям яхши, баракалла,. – деб ўйланиб қолди қўшни аёл. – Қариндошларни зиёрати савобли иш...

***

.... Рамзес деразадаги панжара ортидан кўчага қараб ўтирар эди. Шлиманни эса шу пайтда кўчага чиқиш у ёқда турсин, ҳатто кўчани томоша қилишга ҳам хоҳиши йўқ эди. Ўз қафасида ўтириб олиб патларини тозалар ва ҳеч ким билан гаплашмас эди.

Рамзес ҳовлига тушди ва ўт-ўланлар устига ётиб олди. Бу сафар қаергадир кетган Профессор нимагадир қайтиб келмади. Қаерда экан? Уни узоқларга олиб кетишган, ҳеч қайтиб келмаяпти. Бир мартта уйдан қаергадир кетиб, уч кун йўқ бўлиб кетган эди. Лекин кейин қайтиб келган. Демак бу сафар ҳам албатта қайтиб келади. Қайтиб келмаган ҳолати ҳеч ҳам бўлмаган.

Лекин Қора Қуш ҳам бор. Қандайдир математик формулалар ёрдамида ҳисоблаб бўлмайдиган, аввалдан нима бўлишини айтиш имкони бўлмаган воқеа ва ҳодисалар бор. Биринчилардан бўлиб бу теорияни Америкалик олим, математик ва иқтисодчи Нассим Талеб 2004 йилда ўзининг "Тасодифлар билан калака қилинганлар" номли асарида тушунтириб ўтган, 2007 йилда эса "Қора қуш. Башорат қилинмаслик белгиси остида" китобида бу атамани оммалаштирган.

Қичқача тушунтирсак, ҳаётимиз давомида ҳар сафар такрорланаётган бир хил воқеа ҳодисаларга кўникиб қолганмиз. Тасодифларни эса инобатга олмаймиз. Айнан тасодиф – камёб, чиройли бўлмаган Қора қуш – тарихни ўзгартириб туради.

Шунинг учун сиз келажакдаги воқеаларни режалаштираётганингизда, ҳаммаси ҳам сиз ўйлагандек бўлмаслигини, воқеадар ривожа бошқача тус олиши мумкинлигини унутманг ва бунга доим тайёр туринг. Керак бўлса фантастик тахминларни олға суринг, воқеалар ривожи ҳар қандай ўзгариши мумкинлигини тахмин қилинг, токи Қора Қуш сизни ноқулай аҳволга солиб қўймасин. Бунда бошқаларнинг тажрибасига суянманг. Инобатга олишингиз мумкин, лекин суянманг, кўр-кўрона ишонманг.

Қора Қуш Профессор хонадонининг ойнасини тақиллатди ва Рамзес бирданига қоронғуликка тушиб қолди. Қоронғулик билан бирга ҳаво ҳам етишмас эди.

- Шлиман! – дея бақирди Рамзес.

Рамзес Шлиманнинг жон жаҳди билан қичқираётганини ва саросимада ўзини қафаснинг панжараларига қаттиқ ураётганлигини эшита олди холос. У тушган қопдан кўча мушукларининг ҳиди анқиб турар эди. Қопнинг ичи қоронғу ва биронта ҳам тешиги йўқ эди.