Рамзес ўзини инсон зотининг катта ва илиқ кафтига оқ булутнинг бир бўлакчаси каби оҳистагина тушган кунидан бошлаб англай бошлаган эди. Унгача бўлган воқеалар унинг хотирасидан унчалик даражада жой олмаган, онасининг юмшоқ бағри, тушлар ва илиқлик.
- Фариштагинам.... –деган овозни эшитди Рамзес – Булут парчасига ўхшайдия.... Пуфласанг учиб кетади гўё... – Профессор эҳтиёткорлик билан уни юзи яқинлаштириб, момиққина юнгини ҳидлади. Шу пайт Рамзес ўзининг миттигина мовий ранг кўзларини очди ва профессорнинг оппоқ соқолига тикилиб қолди.
- Совғамиз сизга ёққанидан хурсандмиз, - деди ёш йигит профессорга кулимсираб. – Сизга ҳамкасбларимиз номидан алангали салом. Нима совға қилсак экан деб узоқ ўйладик. Раҳмон ўғли афанди ёдингиздами? Шу киши кўлга бориб, мушук олиб келишни таклиф қилдилар.
- Кўлдан олиб келдингизми? – Профессор ёш йигитга бироз хавотирланиб қаради. – Қимматбаҳо совға келтирибсизлар....
- Энг ҳақиқийси. Кўллик! Маиса ва Купиларнинг оиласидан. Бу йил фақатгина иккита мушукча дунё келган. Бирининг елкасида қора рангли белгиси бор эди, уни янги эгалари ўзлари билан Америкага олиб кетишди. Буниси эса тўғри Тошкентга келди! Хоҳласангиз бу мушукчага жуфтини ҳам келтирамиз, Ван зотидаги мушукларини кўпайтиришингиз мумкин!
- Йўғе, мушукларни кўпайтириш ниятим йўқ, - кулимсираганча жавоб қайтарди Профессор мушукчанинг бошини охистагина силаб. – Дўстларни кўпайтирмайдилар. Бунинг устига ҳақиқий кўл мушуги фақатгина Туркияда туғилиши мумкин. Мен бу мушукчага Рамзес деб исм қўяман! Нима деб ўйлайсан Шлиман қаршимасмисан? Шлиман!
- Ҳа, бўлади, – деб кулиб юборди йигит. – Шлиман бор жойда Рамзес ҳам бўлиши керакда!
Қулф очилган овози эшитилди. Катта қафас ичидаги оқ тўтиқуш учиб чиқди ва "Ркааа?" деб юборди.
- Охо! Тўтиқушингиз ўзи қафасини очадими?
- Қафасни очиш ҳам гапми, тўтиқушим уни ҳатто ўзи ёпа олади. Агарда бу ёруғ оламдан хафа бўлиб қолса борми, шу заҳотиёқ қафасига кириб, қулфланиб олади. Профессор мушук боласини тўтиқушнинг олдига олиб бориб, - бунинг исми Рамзес, мулойим кичкинтой, тўғрими? Исми ёқдими?
- Рррааа… - тўтиқуш шундай деб жавоб қайтарганича орқасига ўгирилиб олди.
- Сен мушукчани Ра деб чақирсанг ҳам бўлади, мен эса Рамзес деб чақираман ёки кичкинтой деб атайман, ҳозирча у жуда кичкина.
- Ааа... аа.. – деб ўзича инжиқланиб қўйди тўтиқуш.
- Тўтиқушингизнинг ёши анча катта бўлса керак а? – деб сўради йигитча.
- Ҳа, ёш эмас. Мени ҳам ёшим анча катталашиб қолди. Шунинг учун бизнинг жамоамизга ёшларни қўшишимиз зарур бўлиб қолганди, тўғрими кичкинтой?
Кичкинтой мушукча жажжи тирноқчалари билан Профессорнинг бармоқларига ёпишиб, уни оғзи билан оҳистагина чайнай бошлади.
- Ахир унинг қорни оч эканку! – деб кулимсиради Профессор.
- Мен мушукча учун зарур бўладиган жиҳозларни ва овқатини ўзим билан олиб келганман, юринг совғаларни жойлаймиз.
- Палов! Палов! – деб ҳайқириб юборди Профессор, қўлидаги Рамзесни полга қўйдида, ошхонага кириб кетди.
Рамзес полни бироз ҳидладида ён атрофга аланглай бошлади. Шлиман ҳам юқоридан ерга пастлаб, мушукчанинг ёнига кела бошлади.
- Қиззиқ... – деди тўтиқуш ва тумшуғи билан мушукчанинг бўйин ушламоқчи бўлди. Рамзес ўзини олиб қочдида, уни қўлчалари билан туртди.
- Қиззиқ... – деб бир оз жаҳли чиққан ҳолда қайтарди тўтиқуш. Рамзес белини юқорига кўтариб, норози деб овоз чиқариб, ошхонага югурганича кириб кетди.
***
Тўтиқуш ва мушукча ойнага чиқиб олиб, кўчага қараб ўтиришар эди.
- Аааа... – деб овоз чиқарди тўтиқуш.
- Аааа… - деб мушукча ҳам тилларини чиқарганча овоз чиқарди.
- Шлиман! – Профессор мушукча ва тўтиқушнинг олидига яқинлашиб, Рамзеснинг бошини оҳистагина силади
– Шлиман, сен Рамзесни нималарга ўргатаяпсан? Рам менга қара... Мушуклар "мяяу" деб овоз чиқаришади, мулойимлик билан "мяяу" дейишлари керак, қани ёнимга кел, "мяяу" дегинчи...
- Ааааа, - деганича яна овоз чиқарди Рамзес, Профессорнинг кўзларига қараганича.
- Тьфу сенга, безори қария, мушукчаниям тарбиясини бузяпсан, - хўрсинди профессор.
- Қиззиқ! - норози оҳангда гапирди Шлиман.
- Нимаси қизиқ экан, а? Ахир бу мушук боласику, бу қуш эмас сенга, "аааа" деб ўргатганинг нимаси?
"Нима фарқи?" деб ўйлаб қолди тўтиқуш. – "Мяу, ааа ёки бее? Барибир сиз бизларни эшитмайсизлар"
Шу пайт компьютердан видеоқўнғироқ овози эшитилди.
- Мана энди ҳозир мен сени устингдан шикоят қиламан, безори! – деб бир озгина пўписа қилганича кабинети томон йўл олди Профессор.
"Қизи қўнғироқ қилаяпти, Америкадан", деб ўйлаб қолди Шлиман.
"Америка қаерда экан?" – деб ўйлади Рамзес.
- Қўяверсангчи, ўйлаб ўтиришинггаям арзимайди. Кабинетдаги кичкина қутичанинг ичида. Мен қидириб кўрдим, қизиқарли ҳеч нарса топмадим. Ҳатто, қора жиҳозларни ҳам чиқариб кўрдим, уларни тагида бўлса керак деб ўйлагандимда, профессор роса урушди, - деб хўрсиниб қўйди тўтиқуш.
Шу пайт хонадон айвони ойнасидаги темир панжарага майна келиб қўнди.
- Мяу? – деб қўйди Рамзес, бу нима ўзи? дегандай.
- Кет бу ердан! –деди Шлиман, - аҳмоқларга нима бор.
"Мен кимман ўзи? Қушми?" деб ўйлаб қолди Рамзес.
- Сен мушуксан, - деб хўрсинди Шлиман, - лекин буни ҳеч қандай аҳамияти йўқ.
"Ўзим ҳам қанотим йўқлигига хайрон қолдим, шу ҳам адолатданми. А?" - деб ўйлади Рамзес.
- Ҳаёт ўзи шунақа, - деб қўйди тўтиқуш ҳам худди унинг ҳаёлларини эшитгандай.
- Менга эса ёқади! - деганича Рамзес ўтирган жойидан сакраб, гиламга тирмашиб олди.
- Қанотнинг нима кераги бор сенга болагинам, агар сенга қанотни ҳам қўшиб берилса, хонадонимизни ағдар-тўнтар қилиб ташласанг керак, - деб минғирлади тўтиқуш.
Шу пайт хонага Профессор кириб келди, деворга тирмашиб осилиб турган Рамзесга қарадида, бир оз тин олиб, кейин гап бошлади:
- Қизимга бўлиб ўтган воқеани айтиб бериб бироз кўнглини кўтардим.
- Кааа? – қандай қилиб, деб савол бергандай бўлди Шлиман.
- Унга пойафзалларни таъмирлаш устахонасига кирганлигимни, у ерда эса тиниб-тинчимаган абитуриентлар оёқ кийимлари пошнасининг ички қисмига мобиль телефонларини ўрнаттираётганларининг гувоҳи бўлганлигимни айтдим, абитуриентлар ўзлари билан телефонларини ичкарига олиб мақсадида шундай қилаётган эдилар. Қизим эса сиз нима мақсадда ўша устахонага киргандингиз деса бўладими... Мен эса оёқ кийимимни елимлаш учун боргандим, чунки уни ҳали кийса бўлади, ҳали ярайди! - деганича Профессор ўша эски туфлисини олиб келиб Шлиман билан Рамзесга кўрсатди.
- Туфлигим ҳали туппа-туззук тўғрими... Камбағалликда, етишмовчиликда яшаяпсизми деб ваҳима қилишгани қилишган! Ҳа тўғри янги пойафзалларим ҳам бор, лекин менга эскироқ бўлса ҳам мана шу туфлигимда юриш қулай.
Профессор ростини айтмаётган эди, у барча янги оёқ кийимларини муҳтожларга тарқатиб юборанди. Профессорнинг фарзандларидан омади чопганди. Ўғли Сиднейда ишласа, қизи Нью Йоркда яшар эди, ўзига тўқ инсонлардан. Профессор ҳеч нарсага муҳтожлик сезмас эди. Профессорнинг инсонийлиги шу даражада эдики, уйида беш жуфт янги оёқ кийимлари борлигига, қўшниси эса болаларига байрам тадбирига янги оёқ кийим эмас, бор йўғи костюм шим олиб беришга қурби етганига ҳижолат чекарди. Шунақаси ҳам бўлади. Профессорнинг иккала фарзанди ҳам оталари уларнинг ёнига Америкагами ёки Австралияга бутунлай кўчиб келишини жуда-жуда исташарди. Ҳаёти давомида фарзандларига ҳеч нимада рад жавобини бермаган Профессор фақат шу мавзу ҳақида сўз очилгудек бўлса бас, ўйлаб ўтирмай ҳам болаларининг бу таклифларига розилик билдирмасди. Унинг нияти қарилигини шу ерда, она шаҳри Тошкентда ўтказиш ва оламдан ўтганидан сўнг унинг қабри албатта Шайхонтоҳурдаги қабристонда бўлиши керак, тамом вассалом. Агар узоқларда вафот этсачи? Жасадини Ўзбекистонга олиб келиш учун қанча маблағ сарфлаш керак бўлади, ғалваси қанча, деб ўйлар эди ўзича Профессор. Йўқ, йўқ, яхшиси сизлар мени ёнимга қайтиб кўчиб келсанглар яхшироқ бўлади.
- Йиғлаяпти, кўз ёшини тўкяпти, гўёки қари отаси ялангоёқ, сўфийлар дўпписида, хассада юрибди, гадойчилик билан пул топяти ...
– Мрааа, қизиқ, - деди Шлиман.
– Аааа, - деб овоз чиқарди Рамзес.
- Сенларни қараю, қушчалар, - деб кула бошлади Профессор. – Қушлар салтанати... сув ичишни ҳам ҳали билмайди бу! Сени ишингми Шлиман? Унга ўзингнинг сув идишингдан сув ичираяпсанми ҳали?
"Мен нима қилибман, ҳеч нима қилмадимку.... Унинг ўзи қафасимга чиқиб олиб, сув идишимдан сув ичиб юрибди, мен нима қилишим керак, ҳайдаб юбормайманку ахир", деб ўзича ўйлади Шлиман.
- Ҳа майли, ҳечқиси йўқ. Келинглар яхшиси мен сизларга китоб ўқиб бераман... Қайси ҳикояни ўқиймиз?
- Аааа! - деб бараварига овоз чиқарди мушук билан тўтиқуш.
- Атлантида ҳақидами? Майли, ўқиб бераман.
...Агарда менга бахтиёрлик тимсолини чизиб бергин дейишса, мен ҳеч иккиланмасдан уйдаги полнинг қуёш нури тушиб турган қисмида беозоргина ухлаб ётган мушук боласининг расмини чизган бўлардим. Беғамлик акс эттирилган бунданда яхшироқ расмни тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Мана қаҳрамонимиз ҳам қуёш нурлари остида жажжи қўл ва оёқчаларини ҳар томонга узатганича мириқиб ухлаб ётибди. У ҳозир ҳеч ким ва ҳеч нарсадан қўрқмайди, унинг душманлари ҳам йўқ, қорни тўқ ва мутлақо хотиржам. Ҳар биримиз худди шу мушукчага ўхшаб, ҳеч қандай ғам ва ташвишларсиз, қуёш нурида ястаниб ётишни орзу қилганмиз. Ҳеч бўлмаса бир соатгинага бўлса ҳам шу ҳолатда бўлишни истардик: қорин ғами, иш, сиёсат, муносабатлар, ноҳақликлару адолат, дарслар, фарзандлар, йўқчилик кабиларни ўйламасдан хотиржамликни хис қилишни.
Лекин шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, тақдир тақозоси билан ёки ижтимоий адолатсизлик туфайли ҳар ким ҳам уларни севиб ардоқлайдиган, меҳр кўрсатадиган шароитларда бу ёруғ оламга келмайди. Айримлар ертўлаларда дунёга келиб, беғам ухласа оч қолишини англаган, ҳаётдаги энг муҳим нарса – капалаклар билан ўйнаш эмас, егулик излаш эканлигини тушунган.
Еб-ичиш, кийиниш, ўқиб таълим олиш, ишга жойлашиш ва умуман олганда яшаш учун курашиш, мана шу ишлар ҳаётимизнинг мазмунига айланиб бўлган.
Профессор овозини чиқариб ўқишга одатланганди, мушукча билан тўтиқуш эса буни эшитишни ёқтирарди. Баъзида учовлари биргаликда телевизор кўришар эди, асосан тасвирларни ўтишини томоша қилишарди. Профессор учун телевизор орқали узатилаётган кўрсатувларнинг маъносини англаш муҳим эмас эди, у узатилаётган кўрсатувнинг овозини ўчириб қўйиб ҳаёлга чўмарди. Телевизорда "Animal planet" ва "Культура"дан бошқа нимани ҳам кўрса бўларди. Ҳеч нарсани.
Инсон яхши яшаса, бахтиёр бўлса, вақт ўтишини ҳам сезмай қолади. Агар ҳаётида қора чизиқлар пайдо бўлса, вақт тўхтаб қолгандай, гўёки саккиз ҳаёт давомида яшаётгандай туюлади, қачон тугашини билмайди. Лекин мушукча катта бўлаётганди, тўтиқуш қариётганди, Профессор эса ўзини бахтиёр хис қилаётган эди.
Рамзес катта ва оппоқ мушукка айланди, унинг майин тукларига хатто гард юқмасди. Бу мовий кўзли кўл мушугига хос хусусиятлардан бири. Рамзеснинг характери ўзгача эди – уни қўлга олиш мумкин эмас, фақат гаплашиш мумкин. У ҳеч қачон стол устига чиқмас, овқат сўрамас эди, овқатлантириб қўйишлигини сабр билан кутар эди. Рамзес сувни жудаям яхши кўрар эди, хоҳ оқава, хоҳ идишдаги, аквариумдаги сув, фарқи йўқ. Буни кўрган Профессор:
- Сени томирларингда ота-боболарингнинг қони оқадида, агар мен балиқчи бўлганимда Анхордан балиқ овлардик, Олой бозоридан балиқ сотиб олмасдик. Лекин мен ҳатто қармоқни қандай ушлаш кераклигини ҳам билмайман, бунинг устига балиқларга раҳмим келади, сузиб юраверишсин, - деди.
***
- Шлиман, мен хоналарнинг ойналарини очиқ қолдираяпман, кичкинтойимизга яхши қараб ўтиргин. Нафақа пулимни олиб келгани чиқиб кетаяпман, тез орада қайтаман, – деб Профессор кўчага чиқиб кетди.
Шлиман унинг кетидан қараб чуқур хўрсиниб қўйди. Ҳар сафар Профессор нафақа пулимга кетаяпман, тез орада қайтаман деб, деярли ярим кунга уни бир ўзини ташлаб кетарди. Қайтганда эса Профессорнинг юзлари қизариб, хорғин бўларди, ошхонага ўтиб, муздаккина кўк чойни ичиб, хўмрайиб ўтирарди. Рамзес хоҳлаган нарсасини ўйнаши, ҳатто йиртиши ҳам мумкин, лекин кираверишдаги тошойна олдида турадиган, бел қисмидан резина билан боғлаб қўйилган бир тутам қоғозларга тегмаслик кераклигини тушунарди. Чунки у камайса, уйда унинг севимли сарёғи, балиқ, турли хил пишириқлар пайдо бўлади.
Рамзесни кузатиб турган Шлиман:
- Бу қоғозлар пул деб аталади, лекин уларни ўйнаш ёки уларни йиртиш мумкин эмас, чунки улар хафа бўлиб қайтиб келмасликлари мумкин, - деб қўйди.
"Уларни ўйнаб, йиртиш ниятим йўқ, улардан келаётган ҳид жудаям ёқимсиз экан", деб ўйлаб қолди Рамзес.
"Лекин кўчадаги ҳавонинг ҳиди эса жудаям ёқимли. Нималарнинг ҳиди таралаяпти ҳозирча тушунарсизу, лекин ташқарига чиқиб, шу ҳидни ўргангинг, кўчада дайдигинг келади. Яхшиямки Профессорнинг хонадони биринчи қаватида жойлашган", деб ўйлади Рамзес. Профессорни нигоҳи билан кузатиб қўйиб, тўтиқушга тикилди.
- Югурақол кўчага, - дея рухсат берди Шлиман, – агар нимадир бўлса дарҳол уйга қараб чопгин.
Тўтиқушнинг ўзи эса дераза панжарасига ўрнашиб олди, чунки анчадан бери панжарадан сиғмай қолганди, кўчага чиқиш нияти ҳам йўқ эди. Кўчанинг нимаси қизиқ?! Турли хил аҳмоқ қушлар, мушуклар, кучуклар, машиналар ҳамда одамлар. Улар Шлиманга ёқмасди.
Кичкинтой ҳовлига чиқдида, худди кучуклардек ҳамма нарсани ҳидлай бошлади.
- Кучук, кучук! – деб бақира бошлади Шлиман.
Кучук эканлигини, қандай мавжудот эканлигини кичкинтой Рамзес билиб улгурган эди. Лекин бу ҳайвон унингча кучукка ўхшамади. Кучуклар жудаям қўрқинчли мавжудотлар, улар билан ҳеч қанақасига дўстлашиб, келишиб бўлмайди. Уйлар олдидаги тўсиқлар орасидан спаниель зотли, Чарли исмли кучукча чиқиб келди. Унинг олдида Рамзес кучукка, у эса мушукка ўхшарди. Чарли жудаям хушчақчақ, қувноқ эди. Чарли ҳатто сичқонларни тутарди, тўғри сичқонларни ейиш учун эмас, аксинча овчилик ҳисси баландлигидан овларди. Бир кун Чарли овлаган сичқонларидан бирини Рамзесга ҳам келтириб берган эди. Рамзес эса совуқ мурдани бефарқлик билан ҳидлаб нари кетди.
- Кучукми бу? – жиддийлик билан сўради Шлиман.
- Гав! – дея хушчақчақлик билан жавоб қайтарди Чарли.
Бу товушни эшитган Рамзес эса ўт-ўланлар орасига қочиб ўтиб беркиниб олди ва нафас олишини ҳам секинлаштирди. Чарли эса асталик билан ҳидлаб-ҳидлаб Рамзес томонга қараб яқинлаша борди.
- Чапроққа! Чапроққа! – дея буйруқ бера бошлади тўтиқуш.
"Чап томонга? Чап томон қайси томон ўзи?" деб ўйлаб қолди Чарли. Агар катта кўча тарафга бўлса, бу ёмон, агар оқ рангли, титраётган, дум тарафга бўлса, бу яхши.
- Қўлга тушдинг! - дея Рамзес ўт ўланлар орасидан бирданига отилиб чиқди ва Чарлини юзига қўли билан урди.
- Қўлга тушдинг! – деб Чарли ҳам Рамзеснинг устига сакради.
- Қизиқ! Жудаям қизиқ! – дея тўтиқуш панжарани олдида тамоша қилиб ўтирарди. Шлиман ўзида йўқ хурсандлигидан кула бошлади. Тўтиқушнинг кулгуси ажойибда, бу кулгуни кўрган бошқалар ҳам ўзини кулгудан тўхтатолмасди.