Уйим, жонажон уйим! Рамзес кўзларига ишонмасди. У ҳақиқатдан ўз уйида эди, уни бошқа уйлар билан адаштирмайди. Мана ҳовлиси, деразаси, уй ичидаги қадрдон ҳидни ҳам пайқади. Бу уй кечалари билан тушларига кириб чиққанди.
Кун қоронғулашган вақтда Рамзес кўчадан боғ томонга қараб сакраб ўтди. Ҳамма ёқда чироқлар ўчирилган, атрофда ҳеч ким йўқ эди. Деразадан уй ичига мўралади. Ичкарида ҳеч ким кўринмасди.
- Шлиман! Шлиман, оч эшикни. Бу мен Рамзесман.
Рамзес қанча ҳаракат қилмасин уй ичига киролмасди. Бир амаллаб дераза токчасига жойлашиб олди. Энг асосийси энди у ўз уйида. Ҳозир у боғда бўлсада, уни бу ердан ҳеч ким ҳайдаб юбормайди.
Билсангиз, гарчи уйда ҳеч ким бўлмасада, уйнинг деворлари ҳам даволаш хусусиятига эга. Мушукнинг қўллари увушиб оғрий бошлади. Рамзес токчадан тушиб, боғдаги ўт ўланлар орасида бир зумда ухлаб қолди. Бир ой давомида дайдиб юриб, мана энди бугун хотиржам, ҳеч нимадан қўрқмай, мириқиб ухлади. Мушук болали ҳам одам болаларига ўхшаб баъзида жуда қаттиқ ухлашлари мумкин. Бақирсангиз ҳам, чақирсангиз ҳам, эшикни тақиллатиб тепсангиз ҳам, ҳеч нарсани эшитмай донг қотиб ухлайди. Бечора ота-оналарни хавотирини эса тасаввур қилиб бўлмайди. Оналар дарров йиғлашга тушади, оталар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимларини чақиртириб, эшикни бузиб ичкарига киришади. Қарашсаки, болакай ширингига уйқуда ётган бўлади. Фақатгина онасининг қучоғида, кўз ёши томчиларидан уйғонишади. Мушукларда ҳам баъзида шунақа бўлади.
- Ойижон! Мен Рамзесни овозини эшитгандек бўлаяпман... – Болакай ойналарни очиб, қоронғу ҳовлида Рамзесни топмоқчи бўлди. – Сиз эшитмадингизми ҳеч қанақа овозни?
- Сенга шундай туюлаяпти, болажоним! – деди боланинг онаси.
- Ойижон майлими мен ташқарига чиқиб, атрофни қараб келай? Ахир Рамзесни ўлигини кўрмадикку, балки уни машина босиб кетмагандир, агар босган бўлса ҳам тирик қолгандир. Эсингиздами қўшнимиз ветеринария клиникаларини ҳам текшириб кўринглар деганди. Балки уни кимдир боқиб олгандир, ахир у зотдор мушукку.
- Бечора қўшнимиз, у ҳам Рамзесни жуда яхши кўрарди. Йўқолиб қолганида роса йиғлаганди, - деди онаси.
- Ойижон сиз ҳам йиғлагандингиз. Ўзим кўргандим. – деди болакай.
- Мен кўпроқ Профессорга ва унинг қизига ачингандим, - хўмрайиб жавоб берди онаси. Ёлғон гапираётганди. Профессорга ҳам, унинг қизига ҳам, мушукка ҳам, ўзига ҳам ачинаётганди. Яқин дўстини, қўшнисини йўқотганида ўзини етимдек хис қилганди.
Мушуги бор инсон ўлмаслигини тушуниб етдик, худди шундай яқин дўстинг ўлганда ҳам ўлмаслик керак. Токи фаришта Азроил сизни урушмагунича, қариб, сочларингиз оқариб кетгунингизча, атрофдагиларнинг жонига теккунингизча яшайверинг.
Болакай қўлида фонарь билан уйдан ташқарига чиқди. Ҳамма жой қоп қоронғу эди.
- Рамзес! Рамзесвой қаердасан? Кис-кис-кис...
Рамзес эса ухлаб ётарди.
Болакай деярли ҳамма ерни айланиб чиқиб, хўрсинганча уйга қайтиб кирди. Менга шундай туюлибди деб ўйлади...
Қўшни аёл Рамзес йўқолиб қолганида қаттиқ йиғлаганди. Профессорнинг қизи билан ошхонада Қиз кетишидан олдин биргалашиб йиғлашганди. Бирга ветеринария клиникаларига қўнғироқ қилишганди. Агарда Рамзес қайтиб келгудек бўлса, уни дарҳол самолётга билет олиб Америкага жўнатиб юбораман деб сўз берганди Профессорнинг Қизига.
Рамзес ширин уйқуда. Тушида Шлиманни кўрди. Тўтиқуш уни тумшуғи билан туртиб, маъюс қараб турарди. Улар нотаниш жойда ўтиришганди, узоқроқдан Профессорнинг йўталган овози эшитиларди. Рамзес югуриб бориб Профессорнинг қўллари орасига беркиниб олмоқчи эди, олдингидек, тирсаклари орасига шундай беркинмоқчи эдики, нури ҳам унга тушмаслиги керак эди. Шундай пайтларда у ўзини иссиқ жойда, ҳотиржам, онасининг қорнидагидек хис қиларди. Ҳеч қандай ташқи кучлар унга хатарли эмасди.
- Қизиқ... – маъюс оҳангда гапирди Шлиман. – Болажоним сени юнгларинг тўкилиб кетибди-ку, лекин мен тириклигингдан хурсандман. Мен эса тирик эмасман, самолётда Америкагача етиб бора олмадим. Самолётнинг ўзида вафот этдим. Тўғрида, қанақа Америка? Мен Шайхонтоҳурлик бўлсам, нима қиламан Америкада? Мен тўғри Профессорнинг ёнига келиб олдим. Ҳозир мана биргамиз. Сен эса ўзингни эҳтиёт қил. Сенга ҳали эрта бу ерларга келишга... Ўзингни эҳтиёт қилгин. Сен ахир ақлли мушуксан. Кўл бўйидан келтирилган зотдор мушуксан, сен осмонга қарашни биласан.
Рамзес уни ҳимоя қилиб турган боғда ҳамон ухлар эди ва ҳеч нарсани эшитмасди. Агарда бояги бола уйдан сал эртароқ ёки аксинча салгина кечроқ чиққанидами....
Тошкент шаҳридаги ҳовлиларни кўрганмисиз? Қалин ўрмонзорларга ўхшаб кетади. У ерда бир тўда отлар ҳам яшириниб олиши мумкин. Айниқса ёзда. У ерда ўзига хос ҳаёт бор. Хато тошкентликларнинг ўзи ҳам иложи борича у ерга кирмасликка ҳаракат қилишади.
Мана шу ҳовлиларнинг бирида жудаям меҳрибон бир Қиз Амур лақабли зотдор мушукни парвариш қиларди. Мушукнинг ўзи эса ҳали ўзининг лақаби Амур эканлигини билмасди. Унинг исми борлигини сезиб турарди, лекин бу юмшоқ, меҳрибон қўл эгалари уни исмини айтишмасди.
Амур ўзи учун ҳовлининг бир қисмини топиб олганди ва ҳар куни деразадан ўша ерга қараб ўтирарди. Ҳар куни уйнинг деразалари орқали ичкарига алангларди. Эрталаблари уйнинг ичкарисидан қайнатилган сосисканинг ва сариёғнинг ҳиди келарди. Ва яна бир нималарнинг ёқимли ҳиди келарди.
Амур жудаям ёқимли мушукча эди. Курак қисми қора, оёқлар, бўни ва боши эса оппоқ, катта-катта кўзлари эса ям-яшил рангда эди. Юзи доимо табассум қилиб турарди.
Ҳалиги Қиз Амурни деразадан ичкарига мўралаётган вақтини телефонда суратга олдида интернетдаги Фейсбук ва Инстаграм ижтимоий тармоқларига жойлаштирди. Лекин мушукчани уй ичкарисига олиб кириб жойлаштиришнинг иложи йўқ эди.
- Яна бироз сабр қилгин! – дер эди Қиз ҳар сафар эрталаб ва кечқурун мушук учун овқат олиб келганида. Ҳар келганида Қиз Амурни кўтариб эркаларди. Амур эса идишдаги овқатни мазза иштҳа билан мазза қилиб еб, идишни ялаб қўярди. Мушук ҳали ҳаммаси жойига тушиб кетишига ишонарди. Фақат бироз сабр қилиш кераклигини ҳам тушунарди. У жуда тарбияли мушук эди. Ҳовли ҳудудидан ташқарига чиқиб кетмасди, дуо қиларди...
КУЗ ФАСЛИДА ҚИЛИНАДИГАН ДУО
"Эй, Художон! Мени бу ерлардан олиб кет, ўзингни олдингга эмас, уйимга. Бу ерларда оёқларим жуда ҳам совуқ қотди.
Мени катта, икки қаватли, ҳудуди уч юз квадрат метр бўлган уйга жўнатгинки, у ерда доим музлатгичда сарёғ бўлсин. Тўғри мен сарёғни татиб кўрмаганман, лекин уни яхши кўраман. Ҳовлисида учта дарахт бўлсин: иккитаси катта, биттаси кичкина. Уйда ширин кулчалар пишириб берадиган буви ва мактабда ўқийдиган набираси ҳам яшсин.
Мени ухлашим учун яшил рангли диван ва ёстиқчани ҳам жўнатгин. Уларни мендан ҳеч ким олиб қўймасин.
Сен балки кўп нарса сўрамоқда дерсан, унда майли ҳеч бўлмаса битта эшиги бор уй бўлсин, кимдир келганида эшикдан кутиб олишим учун. Майли буви бўлмасин. Йўқ-йўқ буви керак, майли диван керак эмас, мен токчада ҳам ўтиравераман, фақат ёстиқ бўлса етади.
Сабаби жуда ҳам совуқ, тўғри мен музлаб қолмаяпман, лекин барибир совуқ.
Майна Булкани ҳам жазола, у аҳмоқ қуш доим қулоғимни тагида бақириб чўчитиб юради. Мен шундоқ ҳам ҳаётда қўрқувда яшайман, буники ортиқча. Мен ахир ёлғизманку, ҳеч кимники эмасман. У эса мазза қилиб учиб юради! Рахмат Сенга Художон, дуоларимни қабул қилгин илойим. Омин".
Мушук ҳақидаги эълон Фейсбук ва Инстаграм ижтимоий тармоғида кундан кун кўп тарқаётганди. Ҳаммага мушукча ёқарди, лекин эгаси ҳеч топилмаётган эди. Ҳудди ҳамма жой сеҳрлангандек жим-жит.
- Сабр қил кичкинтой! – Амур учун нонуштасини олиб келаётиб шундай деди қиз. Энди ҳатто Қиз ҳам Амурнинг эгалари топилишига ишонмаётган эди. Фақатгина Амурнинг ўзи бир кунмас бир кун унинг эгалари келиб, уни олиб кетишларига ишонарди. Уни қидириб юришибди, лекин топа олишмади ҳали, деб ўйларди Амур. "Қидириб топиб келишса, дарҳол мени олиб кетишади", деб ўзини ўзи ишонтирарди Амур.
Ўзининг уйи, қари мушуги ва иккита кучуги бор Эгаси эса бир ойдан бери Амурнинг суратига қараб, ўзини ўзи койирди.
"Йўқ, нега ўзимни урушаман, ахир мени қари бўлсада, битта мушугим борку, нима қиламан иккинчисини? Эҳ... ўзи аслида учта мушук боқиш керак, менда эса бор йўғи иккита эди", турли ҳаёллар билан ўзини кийишда давом этарди аёл.
"Сабр қиламиз, - дер эди аёлнинг ички овози, - балки унга янги Эга топилар, янги уйда бир ўзи, ягона севимли мушук бўлар".
Лекин мушукнинг эгаси топилмаётган эди. Қизнинг ўз уйи, ёнида дарахти, бувиси ва мушуги бор эди, ҳудди Амур орзу қилганидек.
Орадан бир мунча вақт ўтиб, Қизнинг ўзи Амурни ўз қарамоғида олиб қолишга қарор қилди. Қиз уни уйига олиб кирди. Суратга олди ва фейсбук тармоғига суратни жойлаштирди. Амур энди кўча мушугидан диванда ухлайдиган хонаки мушукка айланган эди. Амур диван устида ухлар экан доим юзини, бурнини қўллари билан ёпиб олар эди. Тасаввур қилинг-а, кун бўйи боғда кезиб юриш, совуқ тунда ерда, заҳ жойда ухлаш. Энди эса иссиққина уй, ширин таомлар.
Тошкент ҳавлилари сеҳрли шунақа. Энг муҳими Худодан тўғри сўрай билиш.
***
Рамзес уйқудан уйғонди. Аниқроғи, энди у донг қотиб ухламаётганди, унинг сезгилари ишга тушганди. Кўзи уйқуда бўлсада, сезги органлари тўлиқ ишлаётганди ва атрофда бўлаётган ҳодисаларни англай бошлади. Қандайдир хатарнинг ҳидини сезди.
Уйнинг дахлизига аввал ҳикоя қилиб берганимиз Қўшни аёлнинг эри кириб оғзида сигарет билан келаётган эди. Ҳар доимгидек соч соқоли ўсиб кетган, қўланса ҳид келиб турарди ундан.
Уни кўрдию Рамзеснинг тепа сочи тикка бўлди. У эмаклаганча орқаси билан юриб, ҳовлидан чиқиб, орқасига қарамасдан қочиб кетди. У ўзи тушунмади нима учун қочаётганлигини, лекин ички сезги туфайли унинг оёқлари иложи борича тезроқ чопиб борарди.
Югуришдан тўхтаганидан сўнг турган жойида атрофга аланглади, фикр юритди. Афсус, Профессорни ва Шлиманни энди қайтариб бўлмайди, нима учун бундай қарорга келганлигини ўзи англамади, лекин ич-ичидан шундай эканлигини сезарди. Ҳовли энди уники эмас, балки хатар ўчоғига айланганди. Бу ерларда энди Қўшни аёлнинг эри ҳамма жойни саситиб сигарет тутатиб юрарди, Рамзесга ўхшаганларни кўриб қолса, бўйнидан ушлаб оларди...
Рамзес ўзига-ўзи савол берарди: у дунё кезиб шунчалик зерикдими, яна дала ҳовлига қайтишга тайёрми? Йўқ, тайёр эмас. Ҳали эркинликка тўймади. Шаҳарни катталигини қаранг, одамлари кўп, хоҳлаганини танлаб олавер.
Яхши одамлар ёмонларидан кўра кўпроқ. Яхши одамлар кўп албатта, шунчаки уларнинг яхшилиги кўзга кўринмайди, яхшилик билан мақтанишмайдику. Ёмонлар эса кам, шунинг учун улар доим кўзга ташланади. Кучукларни тепаётган аҳмоқларни кўрганингда, дунё ақлдан оздими, деб ўйланиб қоласиз.