НОЛИНЧИ ҚАВАТ
11 БОБ. КЎП ЙИЛЛИК СТАЖГА ЭГА ДАЙДИ
Агарда сизни яшаб турган уйингиздан ҳайдаб юборгудек бўлишса ва сиз бир бурда нонсиз қолсангиз, билингки кўча-кўйда учиб юрувчи чигирткалар сиз учун энг яхши озуқа бўлади. Уларнинг танаси оқсилга жуда бой. Энг асосийси бўшашмасдан уларни қандай овлашни ўрганиб олиш керак. Чигирткалар сиз ўйлаганчалик ахмоқ мавжудотлар эмас, аксинча улар ақлли бўлишади. Улар сизнинг оч нигоҳингизни, тақиллаётган тишларингизни кўришади, сиз учун озуқа бўлишлигини англайди. Улар сизга қаршилик кўрсатишади. Ўнгга ва чапга чаққонлик билан сакраб, бир зумда кўздан ғойиб ҳам бўлишлиги мумкин. Шунинг учун ҳам сиз уларни ов қилиш режасини жуда пухта ўйлаб чиқмоғингиз лозим. Гавдани ерга яқинроқ жойлаштириб, ўзини бефарқдек тутиб, диққатни жамлаб, сакрашга шай ҳолатга келиш керак. Шунда тушлик қилиш мумкин.

Рамзес вақт ўтиши билан чигирткаларни жуда осонлик билан овлайдиган бўлди. Лекин у аввалги чиройли кўринишини йўқотган, анча озиб кетган, думидаги юнги тўкилаётган, уст-боши кирланиб кетган эди.

Шу пайт кўчада ўйнаб юрган нотаниш қизалоқ Рамзеснинг олдига югуриб келиб, уни силамоқчи бўлди. Буни кўрган қизалоқнинг онаси узоқдан туриб қизига мушукни ушлама, у битлаган деб бақирарди.

"Ким битлаган?" деб ўйлади Рамзес. Ва дўкон растасининг пастки қисмидаги ойнага қаради. Кўриниши ҳамин қадар, кўкариб кетганми-ей.

"Одамлар мени бу аҳволда кўришса, ҳеч қачон ўз уйига олиб кетмайди. Қариб-чириб кетгунимча, умримни охиригача чигиртка овлаб ўтиб кетарканманда", деб ўзича фикр юритарди Рамзес.

Камига бургалари бор экан. Рамзес ертўлалардан бирига кирганида бургалар йўлиққанди. Одамларнинг ўзи айбдор, уйларининг ертўласида бургаларни кўпайтирадилар-да, кейин мушукларни айблашади. Мушукларда бўладиган бургалар одатда одамларга ўтмайди. Шу сабабдан билиб қўйингки, бурга босган мушук сизга дуч келса ҳам бундан ҳеч ҳавотир олманг. Лекин каламуш ва итларда бўладиган бургалар бир зумда одамга ўтади ва дарҳол чақиши ҳам мумкин. Энг хавфлиси эса одамлар бургаси. Одамлар ўзлари ҳам билмасалар керак бурганларни кир ва заҳ ертўлаларда кўпайтириб ташлашганлигини.

Тўрт ҳафта давомида яшашга қулай жой топиш мақсадида Рамзес шаҳар кўчалари бўйлаб жуда катта масофани пиёда босиб ўтди. У фақат кундузи кўчада юрарди, бу вақтда меҳрибон инсонлар уни овқат билан сийлаши ҳам мумкин. Кечаси эса панароқ жой топиб беркинарди. Чунки кўчанинг ёввойи мушукларидан эҳтиёт бўлиши керак эди-да. Рамзес шу онда негадир Бастинда лақабли қари мушукни эслади. Уни ёши катта бир аёл парвариш қиларди. У аёлда Бастиндадан ташқари яна учта мушуги бор эди. Уларда тоғ уюмидек овқат бўларди, лекин ярамаслар қизғанишарди. Рамзес уларни кетишини пойаб турарди, сўнг қолган овқатларни ер эди. Бир куни улар узоққа кетишмаган экан, Рамзес уларнинг овқатини еяётганлигини кўриб, унга ташланиб қолишди. Рамзес таъзирини беришди ўзиям, биқинидаги излар улардан эсдалик бўлиб қолди, тишланган жойдаги юнги тўкилиб кетди. Рамзес танасининг юнгсиз қисмини ёқтирмасди, айнан шу жойи совуқдан музларди.

Кўча кўйда Рамзесга ўхшаш оч ва ялонғоч мушуклар жуда кўп эди, унданда озғинлари, нимжонлари, қўрқоқлари ҳам бор эди. Уларнинг ҳар бирининг ўзига яраша ғамгин ўтмишлари бор эди. Илгари одамларнинг қарамоғида бўлишган, лекин уларни кўчага ҳайдаб солишган. Бечоралар кўчада қандай яшасин: ётоғи, сути, овқати йўқ. Ётадиган жой қуруқ ернинг усти ёки бўлмасам ўт ўланлар...

Мушуклар учун текин давлат бошпанаси.

Рамзес ишонарди бир кунмас бир кун мушукларни қонунан ҳимоя қиладиган давлат бошпанаси очилади, бунинг учун катта ер ажратилади. Боғ ўртасида бир қаватли катта уй қурилади. Ҳовлисининг атрофи эса тўсиқлар билан ёпиб ҳимояланади. Мушуклар кириб-чиқиши учун кичкина эшиклари бўлади, уларда қўнғироқчалари ҳам бўлади.

Бу уйнинг бир нечта хоналари бўлади. Ўзининг клиникаси, жарроҳлик амалиёти ўтказиладиган хоналари, рентген хоналари ҳам фаолият юритади бу ерда. Болалар ва катталар учун стационар, катта ва кичик манежлари, ўз ошхонаси, мушуклар учун ва одамлар учун алоҳида-алоҳида бўлади. Дам олиш хоналари, мушуклар билан боғлиқ хабарларни интернетга жойлаштирдиган ходимлар хонаси ҳам бўлади ҳаттоки.

Боғда усти ёпилган иссиққина уйчалар бўлади. Ҳудудда сунъий кўл ҳам бўлади, унда қуёш нурлари порлаб туради. Бу ерга кўча-кўйда топиб олинган мушуклар олиб келиб топширилади. Шу билан бирга истаган одам бу ердан истаган мушугини танлаб, текинга олиб кетиши мумкин бўлади. Янгиобод бозорида эса мушуклар савдоси тақиқланади. Қушлар бозорига мушукни сотишга олиб чиқсанг тамом, жарима тўлайсан.

Ҳали Тошкент шаҳри мушуклар учун шундай қулай ва меҳрибон шаҳарга айланадики, ер шарининг шимолий қисмида яшовчи мушуклар Тошкент шаҳрига кўчиб келишни орзу қиладиган бўлишади...

- Кетдик Тошкентга, - дейди мушук шеригига, - Тошкент нон шаҳри. У ернинг ҳар бир бурчагида овқат бор. У ерда мушуклар учун ҳақиқий бошпана бор.