НОЛИНЧИ ҚАВАТ
10 БОБ. ҲАММА НАРСА БИР КУНМАС БИР КУН АДОҒИГА ЕТАДИ
Ҳаётнинг қонунияти шундай эканки, вақти соати билан сени яхши кўрган, ақлли мушугинг ҳам сени ташлаб қаерларгадир кетиб қолар экан. Кейин эса ён атрофни гир айланиб уни қидирасанми, фейсбук орқали эълонлар берасанми фойдаси йўқ. Эълонга жавобан мушугингга ўхшаш бир нечта мушукни топасан, лекин ўзингникини топа олмайсан. Дўстларинг ҳам сенга эҳтиёткорлик билан муомала қилишга ўтаркан, ваҳоланки сен уларга шикоят қилмагансан. Кўча мушуклари жон сақлайдиган кўп қаватли уйларнинг нолинчи қаватини тешикларини ҳам қолдирмай бирма бир кўриб чиқасан. Кўча-кўйда яшовчи мушуклар жуда ҳам кўп: оч, тўқ, мустақил, тобе, оқ, қора, сариқ, йўл-йўл. Улар сенга ўткир нигоҳлари билан қарайди, улар билан бирма бир саломлашиб чиқасан. Улар ҳам сен билан саломлашишади. Ҳатто, қулоқлари узун кучук билан ҳам саломлашасан, Уларга ширинлик, колбаса ва нонлардан берасан. Энди уларнинг кўпчилиги сенга таниш бўлиб қолганди. Ҳа... Нолинчи қаватнинг ўзига хос дунёси бор.

Кўп қаватли уйлар ҳовлисини супуриб юрувчи киши дахлиз эшигига ёпиштириб қўйилган эълонни йиртиб олиб, ахлатга ташлади. Эълонда йўқолган мушукнинг қидирилаётганлиги ҳақида ёзилганди. Унда мушукнинг сурати ҳам бор эди. "Одамларга хайрон қоласан, мушуги йўқолиб қолганмиш. Нима қилибди йўқолиб қолган бўлса, бошқасини олиб боқаверса бўлмайдими...? Ана кўча-кўйда қанчадан қанча эгаси йўқ ҳар хил мушуклар изғиб юрибди".

Самурай Уй Бекаси учун севимли мушук эди. У Бекаси билан олти йил бирга умр кечирди. У Самурай учун у оддий Бека эмас, балки Император эди ва уни яхши кўрарди. Самурай шаҳар кўчаларининг бирида туғилиб, катта бўлди. Вақти келиб Самурайни яхши одамлар ўзлари билан уйларига олиб кетиб парвариш қилишди. Лекин барибир орадан йиллар ўтсада Самурай табиатан кўча мушугилигича қолаверди. Шаҳар кўчалари унинг учун она ватандек эди. Кўчада у қанчадан қанча жангу жадалларни бошидан ўтказди. Ушбу жанглардан ғалаба билан, думини баланд кўтарганча гердайиб кириб келарди. Тўғри у кар эди, овозларни эшитмасди, лекин қимирлашдан ва бошқа белгилардан атрофдаги ҳодисаларни англарди. У керак бўлса катта кучукнинг бўйнига чанг солиб ғолибликни қўлга киритарди. Жангчи мушуквой ҳақиқий самурайлар каби ўлимга ҳамиша тайёр эди. Лекин унинг ўлимига Император тайёр эмасди.

Мана ҳозир беш ҳафта бўлди ҳамки, Самурай уйга қайтмади. Тўғри у авваллари ҳам уйдан бир неча кунга кетиб қоларди. Лекин Бека авваллари буниси сингари ҳавотирланмасди. Император Самурай бўлиши мумкин бўлган барча жойларни айланиб чиқди. Йўқолган мушугининг белгилари ҳақида ҳаммани хабардор этди. Одамлар Императорнинг илтимосига кўра оқ рангли мушук кўрсалар унга қўнғироқ қиладиган бўлишди. Император учун ягона оқ рангли мушук бўларди, энди эса улар кўпайиб кетибди. Лекин буларнинг орасида Самурай йўқ эди.

Император ҳаттоки Самурайни ўлиб кетган деб ҳам ўйлай бошлаганди. Гўёки Самурай тепадан туриб ердаги оқ мушукларни бошқараётгандек эди. Бошқа мушуклар чақирганингизда ёнингизга келади, лекин негадир оқ мушуклар келмасди. Оқ мушукни кўрган Император бу айнан унинг мушуги деб ўйлаб қоларди, лекин оқ мушуклар ундан қочиб кетарди. Буларнинг барчаси Императорнинг умиди сўнмаслиги учун қилинаётгандек эди. Интернетда мушуклар узоқ вақтга ҳам уйидан кетиб қолиши мумкинлиги ҳақида кўплаб постларни ўқиди. Ҳаттоки, 14 ёшли мушук кетиб қолганидан сўнг икки ой ўтиб катта трассада топилганлиги ҳақидаги хабарни ўқиди. Нима учун уйига қайтмаган, катта трассада ўтирган, нимани тановул қилган? Кошки бу кичкиналарнинг ҳаётида нималар бўлаётганлигини билсанг.

Бир томондан ишига ҳам бориши керак. Иш берувчиларга мени ҳозирча тинч қўйинглар, мен йўқолган мушугимни қидириб топишим керак деёлмайди. Деган тақдирда ҳам улар буни тушунишмайди.

Агарда уйингда, оилангда бирор-бир жиддий ҳодиса рўй берса бу бошқа гап. Лекин мушугинг уйга келмай қўйган бўлса бу умуман бошқа мавзу. Мушукни қидириб топиш учун бир кунда уч маҳал кўчага чиқиши керак. Қидирса топилиши керак, ҳеч бўлмаса жасади топилиши керак-ку. Жасаднинг топилмаётгани, унинг ўлмаганлигидан, шунчаки бедарак йўқолганлигидан далолат беради. Бедарак йўқолганми, демак у ҳали тирик...

Император бу сафар ҳам мақоласини ёзиб бўлиб, оёғига красовкасини кийиб, пишириқлардан чўнтакларига солдида қидирув ишларини давом эттириш мақсадида кўчага чиқиб кетди. Бугун кечаси шаҳар ташқарисидаги ташландиқ бир заводнинг ҳудудини айланиб чиқиши керак эди. Унга етиб келган маълумотларга кўра заводнинг бир чеккасидаги хонага оқ рангли мушук кириб ўрнашиб олган эмиш. Император орқа эшикдан чиқиб, гаражлар оралаб кета бошлади.

- Мен сталкерман, таъқибчиман. Мен қидираётганимни албатта топаман, - деганича шивирлаб кетарди Император. Шу пайт гўёки Кастанеда уни эшитиб, гўрида тик тургандек бўлди.

- Ўзингдан-ўзинг сталкер бўлолмайсан! – деди у.

- Сен нимани ҳам тушунардинг қари тўнка, - қўрслик билан жавоб қайтарди Император.

- Лекин Кастанеда ҳақ эди. Овчи бўлиш осон эмас, оёқ учида, билдирмасдан юриш қийин. Йиғидан ўзини тия олиш қийин.

- Мен сталкерман! – деганича кўзидаги ёшларини артди Император ва шаҳдам қадамлар билан йўлида давом этди.

Лекин ич-ичидан Самурай аллақачон ўлиб кетгандир деб ўйлай бошлаганди. Ақли эса бу фикрга қаршилик қилаётганди. Биз одатда ички туйғуларимизга ўзимизнинг фойдамизга бўладиган ҳолларда ишонамиз. Агарда акси бўлса бу туйғуларимизни юз маротаба текширамиз. Ҳеч ким, ҳеч қачон ёмон нарсага ишонгиси келмайди.

Уйда барча столлар арқон билан боғлаб қўйилган, деразада шағам ёқиб қўйилган, эшик олдида эса идишда сув турарди. Мушук қайтиб келиши учун дуо қилишарди, лекин...

Ҳеч ким ёмон оқибатга ишонгиси келмайди. Охиригача ишонмайди, умид қилади. Балки янги оила уни топиб олгандир, ким билсин, балки йўлда яраланган, касал аҳволда топиб олиб, уни даволаб ўзлигида олиб қолишгандир. Орадан бир ярим йил ўтиб қайтиб келар балки. Ҳамма нарса бўлиши мумкин.

Мушуклар у ёқда турсин, одамлар ҳалок бўлаётганини ўйлаган, ҳалок бўлаётларнинг сонини қанчалигини билган инсон бедарак кетган мушукларнинг кетидан бу қадар қайғуга тушмаса керак. Лекин юракка буюриб бўлмайди, юракни қисмларга ажратиб бўлмайди. Кошки юрагингизни 90 фойизини инсонларга, 10 фойизини эса мушукларга ажратиб берсангиз, юрагингиз бу даражада оғримаган бўларди.

Мушуклар бизлардан кетиб, қалбимизда ўчмас жароҳат изларини қолдирадилар. Чунки нима бўлганидан қатъий назар, инсон бунинг сабабчиси сифатида доимо ўзини айбайди.