Агар сизнинг мушукчангиз йўқолиб қолгудек бўлса, уни қидириб топиш учун қўлингиздан келган барча ишни қиласиз. Худога илтижолар қиласиз. Император энди мушугининг қайтишидан умидини узган эди. Мушукни олти йил парвариш қилди, шу вақт мобайнида мушуги уч кундан ортиқ муддатга уйни тарк қилмаган эди. Энди эса мана беш ҳафтадан буён ундан ҳеч қандай дарак йўқ. Мушук ўлдимикан? Йўқ, ишонмайди! Бундай бўлиши мумкин эмас!
Император мушугини қидиришда давом этаверди. Яқин атрофдаги барча оқ рангли мушуклар бирма бир кўриб чиқилди. Император ҳудди ишига боргандек ҳар куни мушугининг қидирувига чиқарди. Куннинг биринчи ярмида ҳам, иккинчи ярмида ҳам. Ва ҳаттоки тунги вақтларда ҳам. У кезиб чиқмаган ташландиқ завод, фабрикаларнинг ҳудуди ҳам қолмади. Очиқ майдонлар, кўчалар ҳам қолмади. Императорда ҳанузгача кўча кўйда кимдир мушугини топиб олиб, парвариш қилиб келаяпти деган умид сўнмаган эди. Ахир ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкинку, тўғрими?
Лекин бу ишда Императорнинг омади келмади. Мушук ҳеч қаердан топилмади. Интернетда мушук йўқолганлиги тўғрисидаги хабар тарқалгандан тарқалди. Бу хабарларга бир нечта жавоблар келди: аниқланган оқ рангли мушуклар, уларнинг белгилари тўғрисидаги жавоблар, фотосуратлари. Лекин уларнинг ичида Самурай йўқ эди.
Ҳикоя қилмоқчи бўлганимиз Бастинда номли мушук кўчанинг ёввойи мушукларидан эди. Бундайлар ўзини ушлаб олишлигига йўл қўймайди. Император уни кўрдию, аста секин унинг ёнига яқинлашди, унинг ёнидаги мушуклар эса Императорга қараб ёввойиларча ириллай бошладилар. Агарда Император улар томонга боришни давом эттирса, мушуклар унга ҳамла қилишлари аниқ эди.
Император қўлидаги пакетининг ичидан қадоқланган қаймоқни олди, лекин уни очиша қийналди. Турган жойида чўккалаб, қаймоқни йиртиб очмоқчи бўлди. Шу пайт Бастинда келиб қаймоқнинг пакетини қўли билан урди. Ҳуддики, сут бермоқчи бўлсанг тезлаштир дегандай.
- Эй, ёввойилар, - Бастинданинг бу қилиғига Императорнинг жахли чиқди. - Йиртиб юборасизлар ҳозир.
Бир амаллаб қадоқни очди ва қамоқни идишларга қуйиб берди. Бастинда ва унинг қизлари сутни ича бошлашди. Император уларга бироз қараб турдида, орқага уйига қайтди. Йўлда кетаётиб Самурайни эслади. Самурай ҳеч қачон уни тирнамаган бўларди. Кўзидан шошқатор ёш оқа бошлади.
Мушуклар уларни парвариш қиладиган эгаларига ўхшаб борувчан бўлади. Бу уларнинг табиатида бор. Мушукни парвариш қилувчилар қувноқ, қитмир, ўйинқароқ инсонлар бўлса, мушуклари ҳам ҳудди шундай бўлишади: шўх-шодон, қувноқ, тутқич бермас. Агар жиғига тегсангиз қўлингизни тирнаб из қолдиради, бурчакдан пойлаб ташланиб қолади, кўрпангиз остидан бармоғингизни ташлайди.
Баъзи мушуклар эса бошқалар учун ўрнак – юриш-туриши, ўзини тутиши билан намуна бўлади. Улар ҳотиржам, салобатли, файласуф бўлишади, бир меъёрда ёнадиган оловга ўхшайди.
Мушуклар билан уларнинг эгалари ҳарактерда бир бирларига ўхшаш бўлсалар бу катта бахт. Шу сабабдан уйларидаги ҳаёт ҳам бир маромда давом этади.
Рамзес эса кўчада яшаш жонига теканлигини англайди. Бўлди, чарчади бундай ҳаётдан. Бу нима деган гап, доимо қорни оч, на эшик, на овқат идиши ва на сарёғ бор? Ҳайвонларга ўхшаб яшаш унинг жонига текканди.
Энди Рамзес яшаши учун уй топмаса бўлмайди. Аввал ўзи учун хўжайин топиши керак. Ана қаранг кўчада қанча одам бор! Ўзинг хоҳлаганингни танлаб олавер. Хоҳласанг анави қизчани, хоҳласанг ҳув анави семиз эркакни, хоҳласанг анави сумка кўтариб олган аёлни танлаб олавер.
Рамзес йўлакнинг бир четига ўтириб олиб, кўчадан ўтаётган ҳаммага назар сола бошлади. Шу пайт кўзи бир аёлга тушди. Унинг қўлида сумкаси бор. Сумканинг ичида эса сут ва бошқа озиқ овқат маҳсулотлари бор, сарёғи ҳам борга ўхшайди. Рамзес бу аёлнинг олидига тушиб йўлини тўсди ва унга қараб миёвлай бошлади. Аёлга эса бу ёқмади ва Рамзесни ҳайдади. Аёлнинг ҳайдаганидан қочаман деганда, уни машина уриб кетай деди. Рамзес йўл четига ўтиб олди ва бу аёлнинг ортидан қараб қолди.
"Қизиқ, демак ҳамма ҳам бошпана бера олмас эканда?" ўйланиб қолди Рамзес.
Энди Рамзес бошқача йўл тутарди. У одамларнинг оёғи остида ўралашмасди, балки уларни йўлига чиқиб, маъюс кўзлари билан тикилиб, майин овози билан миёвларди. Баъзи инсонлар уни сезмасди, кўрмасди, баъзилари эса бурнини жийириб ўтиб кетарди, айримлари бошидан силаб қўярди, лекин ўзи билан олиб кетишмасди.
Кечга бориб Рамзес бу каби кастингдан чарчади. Одамларни ҳам тушуниш мумкин. Мушук югуриб келиб оёғинг остига ёпишса, бунинг устига усти кир, замбуруғ босган аҳвола, ёқмайдида. Рамзесга қаердандир замбуруғ юқтириб олибди, аниқ бурга босган, балки қутургандир ҳам, деб ўйлаш мумкин.
Рамзеснинг қорни ниҳоятда очиб кетди. Егулик қидиришга тушди. Узоқдан дўкон кўринди. Унга яқинлашди. Дўконнинг ичидан иштахани очувчи ҳид келарди. Рамзеч эшикни тирқишидан мўралаб миёвлай бошлади.
- Ҳой-ҳой, кет бу ердан, мушукларга дўконга кириш мумкин эмас, деб аёл киши уни ҳайдади.
Нега шундай экана? Масжидга, черковга кираман десангиз майли, ҳеч кимнинг қаршилиги йўқ. Лекин дўконга кираман десангиз мумкин эмас... Рамзес дўконга кирмай, зинапояда тўхтади ва шу ерга ўтирди.
Бир пайт дўкон сотувчиси ичкаридан чиқиб, унга бир бўлак нон берди. Рамзес нонни чайнамай ютиб юборди. Буни кўрган дўкон сотувчиси Рамзесни қорни жуда очлигини тушунди ва ичкарига қайтиб кириб, бир бўлак сосиска, колбаса, сут олиб чиқиб Рамзеснинг олдига аста қўйди. Рамзес буларни ҳам бир зумда еб қўйди. Сўнг аёлга миннатдор нигоҳи билан қараб қўйди.
- Истаган вақтингда дўконимизга келавер, сен учун бир бўлак нон доим топилади, – деб жилмайганича дўконига кириб кетди аёл.
Шунақа, нолинчи қаватда яшовчилар учун бир бўлак нон топиб бериш қийинчилик туғдирмайди. Бунинг учун кўп овора бўлиш, ҳаражат қилиш шарт эмас. Мушукни ёки кучукни овқатлантириб қўйишда қўрқинчли нарса йўқ, бунинг устига бу ноқонуний иш эмас.
Беш кун давомида Рамзес ўзи учун хўжайин топиш илинжида кўчада изғиб юрди. Қорни очганда дўконга келди. Уни ҳеч ким ўз қарамоғига олиб кетгиси келмасди. Тўғрида, ким ҳам уст боши кир, битлаган, оёғи шилинган мушукни уйига олиб киргиси келади. Ҳамма момиққина кичкина мушукчани олиб кетишни хоҳлайди. Рамзес одамларнинг оёғи остига югуриб борарди, миёвларди, йиғларди, куларди, афсуски ҳеч нарсанинг фойдаси бўлмади.
Лекин уни бир Қиз ўзи билан олиб кетишга қарор қилди. Юқорида бу ҳақида сўзлагандик.
Ҳар бир эс-ҳуши жойида, тани-жони соғ бўлган, топиш-тутишида муаммо бўлмаган инсон эртами-кечми кимларгадир ёрдам бера олиши мумкинлигини ўйлаб қоларкан. Ҳозир сўзлаб бермоқчи бўлганимиз шу каби кишилар ҳақидадир. Улар ўзларини қиролдек тутади, доимо нолийверадиганлар эмас, айнан ҳақиқий ҳаётни бошқара оладиганлар.
Одамларга ёрдам беришнинг турли хил йўллари бор: муҳтожларнинг қорнини тўйдириш, кийинтириш, хайрияларда иштирок этиш, касалларни парваришлаш, болалар уйларига бориш, ҳайвонларни қутқариш. Бу организм учун зарур жараёнга айланиб қолади ва охирати учун савоб йиғаётганлигини ҳам унутиб қўяди. Тўғри, бу ишларини миннат қиладиганлар ҳам бўлади, гўёки қилган иши учун унга нариги дунёда жаннат ҳозирлаб қўйиш керакдек. Лекин биз бундайлар ҳақида гапиришни хоҳламаймиз. Улар бирор яхшилик қилганида, бошқаларни яхшилик қилмагани учун койийверади. Уларнинг шиори – сен инсониятни қутқариш учун нима қилдинг? Африкада оч қолаётган болалар бор даврда бошқаларни хурсандчилиги уларни ғашига тегади. Уларни овқатнинг расми жиҳига тегади, чунки кўча тўла оч қолган мушуклар.
Мен эса бошқача фикрдаман – ёки сен бу ишни ўзинг учун қиласан, ёки бу шунчаки бошқаларнинг кўз олдидаги кўзбўямачилик.
Бу Қиз ҳайвонларни ҳимоя қилувчи жамиятнинг кўнгиллилар сафига ўзи учун қўшилди. У бошақча йўл ҳам тута олмасди. Унинг бу ишига яқинлари, атрофдагилар қандай фикрда бўлишади унга бунинг қизиғи йўқ эди. Ҳамманинг ўзига яраша дунёқараши, мустақил фикри бўлиши керак деб ўйларди у.
Шундай одамлар борки, улар ўз касби тақозоси билан ҳар куни жасорат кўрсатишади, ҳар кимнинг ўз вазифаси бор.
Бу Қизалоқ ҳамма хўрланган, қийналган, ертўлаларда, ёпиқ жойларда қолиб кетган мушукларни қутқарарди. Ўз ҳисобидан даволарди эди ва мушукларни ўз қарамоғига олиш истаги бўлган одамларни топиб, уларнинг қўлига топширарди. Бу ишлари учун ҳеч қандай маблағни аямасди. У мушукларга сарфланадиган бу пулларга ўзига кийим ёки бўлмасам косметика сотиб олса бўларди, лекин у савоби кўп бўлган ушбу ишга маблағини сарфлашга қарор қилди. У шундоқ ҳам гўзал ва бахтли эди, унга косметика, чиройли кийимлар керак эмасди.
Рамзес Қизни биринчи мартта кўрганидаёқ у билан кетгиси келди.
- Мушукчаку, – дея қиз ҳам Рамзесни кўриб қувониб кетди. Ва келиб унинг ёнига ўтирди. Бу қиз Рамзесдан қочиб кетмаган ва уни чанг босган бошини силаган биринчи инсон эди. Лекин Қиз Рамзесни олиб кетиб, қаерга жойлаштириши мумкинлигини ҳали билмасди. Сабаби Қизнинг уйида жуда рашкчи кучуги бор эди. Шуниси ҳам тўғри, акс ҳолда Қиз элликта мушук боққан бўларди, натижада уни уйидан ҳайдаб юборишган бўларди. Итни бўлгани яхши.
Қиз Рамзесни телефонида суратга туширдида "Эртага келаман, сенга егулик олиб келаман ва албатта яшашинг учун уй ҳам топамиз", деб ваъда бериб кетди. Рамзеснинг кўнгли кўтарилди.
Кечқурун Рамзеснинг сурати ижтимоий тармоқларда тарқай бошлади: кир бўлиб кетган, юнги тўқилган, лекин ҳаётда эгилмаган, кўм-кўк кўзли, ўз уйи тараф шаҳдам қадам ташлаётган.
Интернет тармоғида Рамзесни кўрган Император унинг суратига узоқ тикилди. Афсуски, бу Самурай эмас. Самурай энди йўқ. Бу мушукни ҳам эгалари қидираётгандир, ҳудди у Самурайни қидиргани каби: йиғлаб, сиқтаб, эълонларни ҳамма жойга осиб, интернет орқали ҳам қидириб. Лекин уни топа олишмаяпти, у адашиб қолган, бугун бўлмаса эртага кўчада ўлиб кетади.
Бироз ўтиб Император волонтёрга қўнғироқ қилди ва Рамзесни унга олиб келиб беришларини сўради.
- Мен уни эгаси топилгунича ўзим парваришлайман, у кўчада ортиқ яшай олмайди, уни кучи қолмаган. Бу аниқ кўриниб турибди.
Рамзесни сочиққа ўраб олиб кетишаётганда Рамзес бироз ҳавотирга тушди. Кейин эса бу Қиздан ҳавотир олишга ўрин йўқлигини эслаб, ҳотиржам бўлди. Улар таксига ўтириб кетишди.
Лекин шунча вақт мобайнида уйсиз, очликда, дайдиликда яшаши оқибатида Рамзеснинг асаблари анча толиққан эди. Агарда уни олиб кетишаётган жойда унга бирон ёмонлик қилгудек бўлсалар ёки бўлмасам ўлдирмоқчи бўлсалар Рамзес жон-жаҳди билан қаршилик кўрсатишга, тишлашга, тирнашга ўзини руҳан тайёрлаб кетаётган эди. Рамзес кўчада яшаган вақти одамлардан кўп ёмонликлар кўрди, шу сабабдан одамларнинг кўпини ёмон кўриб қолган эди.
Қиз ва Рамзес манзилга етиб келиши биланоқ Самурайнинг бекаси пешвоз чиқиб уларни кутиб олди.
- Айбдорман, мушукчани ювинтиришга улгурмай, шу ҳолда олиб келавердим, – деди Қиз ҳижолатому. - Биз уни чўмилтириб берамиз, топ-тоза бўлади.
Қизнинг овозидан ўзини ҳамма нарсада айбдордек хис қиларди, гўёки уни ўзи Императорнинг уйига яшашга келаётгандек.
Узоқ вақтдан бери Рамзес ҳақиқий уйнинг остонасини хатлаб кираётганди. Бу уйнинг эшиги, ошхонаси, дивани бор.
Рамзесни тўртта қўл ниҳоятда эҳтиёткорлик билан чўмилтирди, уни жароҳатлаб қўйишдан қўрқишди, сабаби Рамзес жудаям озиб кетганди. Тўғри, биринчи марта уни тозалаб ювишмади, шунчаки кирини артиб, ерга қўйишди.
Рамзес сут ичди, бир бўлак гўшт еди, лекин иштаҳаси йўқ эди. Сўнг диванга кўзи тушди ва устига чиқиб, ухлаб қолди.
Инсонлар кароват, диван, креслоларнинг мушуклар ҳаётида тутган ўрни қанчалик муҳимлигини англашмайди. Бу хавфсизлик рамзи, энг хавфсиз жой, бу ерда ҳеч ким, ҳеч қаердан ҳужум қила олмайди, чунки бу ерда ёвузлик бўлмайди.
Рамзес тушида Шлиманни кўрди.
- Болажоним, - деди тумшуғи билан оҳиста силаганича Шлиман, - баракалла, сен тирик қолдинг. Мен ҳам, Профессор ҳам сенга ишонардик. Янги уйга хуш келибсан болам. Сен бу ердагиларги ёқиб қолишга ҳаракат қилгин. Мен сен ҳақингда оқ мушукка айтгандим ва оқ мушук ёрдам беришга ваъда берганди. Бу уйда сени ҳудди биз каби яхши кўришади, ғамхўрлик қилишади.
- Мен ҳаракат қиламан, - деди Рамзес ва Шлиманнинг биқинига ёпишиб жойлашиб олди. Болалигида ҳам шундай қиларди, кўзи, бурни билан беркиниб оларди қуёш нури тушмаслиги учун. Тўтиқуш эса оёғи билан полга тиралиб туриб оларди, мушукни тиқилганида сурилиб кетмаслиги учун. – Мен ҳаракат қиламан...
Инсон ҳаёти - бор йўғи тўртта мушук ёки иккита кучукка тенг.
Ёки фақат хиёнат.
Сен тўғри яшашга ҳаракат қиласан, ўғирламайсан, жанжаллашмайсан, пора олмайсан, меҳнат қилиб, ўзингнинг кичкина бўлсада дунёингни яратишга ҳаракат қиласан. Лекин устингга шунча муаммолар ва омадсизликлар ёғилади. Нима учун эканлигини эса тушунмайсан: кутмаган жойингдан оёғингга тош отилади, сирпанчиқ поллар, синган тутқичлар учрайди. Ҳар кимса сени алдашга ёки ҳақорат қилишга ҳаракат қилади. Сен дуолар қиласан, турли тренингларга борасан, ҳар хил гуруҳларга аъзо бўласан, Тара қартасидан фол очтирасан, ҳамма ишни қилиб кўрасан. Лекин ҳеч нарса ўзгармайди. Сабаби эса хотирангни бир бурчагида – сен хиёнат қилган мушукда.
Шафқатсиз инсонлар бахтли бўла олмайди. Бу адолатдан.
У сени кечириши учун камида етти йил ўтиши керак бўлади.